АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти миллий хавфсизлик бўйича янги стратегияни эълон қилди — бу АҚШ ташқи ва мудофаа сиёсатидаги принциплар ва устувор йўналишлар мустаҳкамлаб қўйилган ҳужжатдир. Стратегияда Трамп аллақачон амалга оширган бир неча кескин бурилишлар қайд этилган: глобал ҳукмронликка интилишдан воз кечиш, Лотин Америаси ва Осиёга эътиборни кучайтириш, Европа ва Яқин Шарқ эса – биринчи планда эмас. Мазкур ҳужжатга кўра, Россия-Украина уруши – Трамп ва унинг ташқи сиёсат бўйича жамоаси учун иккинчи даражали масала ҳисобланади.

АҚШ стратегиясининг муҳим жиҳатлари

  • АҚШ дунёда содир бўлаётган барча воқеалар ўз миллий манфаатлари доирасига киради, деган фикрдан воз кечмоқда;
  • «Куч орқали тинчлик» принципи: АҚШ ўз манфаатларига зарар етишининг олдини олиш учун иқтисолий, технологик ва ҳарбий устунлигини таъминламоқчи;
  • АҚШ фақат бошқа чора қолмагандагина бошқа мамлакатлар ишларига аралашиши мумкин;
  • «мослашувчан реализм»: АҚШ ҳар қандай режим билан ишлашга тайёр ва бошқа мамлакатлар билан ҳамкорлик қилиш учун ушбу мамлакатлардаги демократлаштириш, либераллаштириш ёки бошқа қандайдир ўзгаришларни шарт қилиб қўймайди;
  • АҚШ ўз қадриятлари ва манфаатларига эга бўлган миллий давлатларни халқаро ташкилотлардан устун қўяди;
  • АҚШ ўз суверенитетини ҳимоя қилиб, бошқа мамлакатлар суверенитетини ҳурмат қилади;
  • «кучлар мувозанати»: АҚШ глобал ҳукмронликка интилишдан воз кечмоқда ва бошқа йирик ва бой мамлакатларнинг ўз таъсир доиралари борлигини тан олади;
  • Америка сиёсати нафақат иқтисодий ўсишга, балки ишчи америкаликларни қўллаб-қувватлашга қаратилади;
  • АҚШ барча ҳамкорларидан шаффофлик талаб қилади ва бошқа мамлакатлар ўзини эксплуатация қилишига йўл қўймайди; хусусан, улар иттифоқчиларидан Америкага таянмасдан, ўз мудофааси учун пул сарфлашни талаб қилади;
  • АҚШ меритократияга таянади; шу билан бирга, Қўшма Штатлар ўз меҳнат бозорини ҳимоя қилиш ва доимо ва ҳамма жойда америкаликларга устунлик бериш ниятида.

Ички сиёсат

Ҳужжат тўғридан тўғри Ғарбий яримшар Шарқий яримшар кучлари таъсири учун ёпиқлигини назарда тутувчи «Монро доктринаси»га қайтиш ҳақида. 1823 йилда АҚШнинг ўша пайтдаги президенти Жеймс Монро бу доктринани эълон қилганида, у Америкадаги собиқ мустамлакаларнинг (шу жумладан АҚШнинг ўзини ҳам) Европа давлатларидан мустақиллигини ҳимоя қилишни назарда тутган. «Трампнинг Монро доктринасига қўшимчаси» (ҳужжатда ишлатилган атама) қуйидагиларни англатади: «Биз яримшар ташқарисидаги рақобатчиларга яримшаримизда ўз қўшинларини ёки бошқа таҳдид манбаларини жойлаштиришга, шунингдек, ҳаётий муҳим активларга эгалик қилишга ёки уларни назорат қилишга рухсат бермаймиз».