Жамият | 09:30
1212
1 дақиқада ўқилади

Тошкентда наркокурерга айланган талабалар фош этилди

Пойтахтда “Хавфсиз ва соғлом юрт” тадбирлари доирасида олий таълим муассасасининг 1-босқич талабалари томонидан амалга оширилган наркокурерлик фаолияти фош этилди. Тадбир давомида жами 520 грамм, 2600 дозага тенг бўлган синтетик гиёҳванд модданинг ноқонуний муомаласи олди олинди.

Фото: Видеодан кадр

Маълумотларга кўра, 4 декабр куни ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолавҳа асосида ўтказилган текширувлар натижасида Яшнобод тумани ҳудудида икки нафар 1-босқич талаба қўлга олинган. Текширув чоғида уларнинг ёнидан 120 грамм “Алфа ПВП” туридаги синтетик модда ашёвий далил сифатида олинган.

Шундан сўнг, 2007 йилда туғилган талабанинг ётоқхонаси кўздан кечирилиб, у ердан қўшимча 400 грамм ушбу модда топилгани қайд этилган. Шу тариқа, жами 520 грамм, 2600 дозага тенг “ўлим дориси”нинг ноқонуний айланмаси тўхтатилди.

Текширувларда аниқланишича, талабалар моддани танишлари томонидан шаҳарнинг турли жойларида “тайёрлаб” қолдирилган нуқталардан олиб, ётоқхонада дозаларга бўлиб, истеъмолчиларга етказиб бериш билан шуғулланган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан тегишли процессуал текширув ва терговга қадар ҳаракатлар олиб борилмоқда.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид