Ушбу йўналишдаги тўғридан тўғри парвозлар жорий йил 3 декабридан бошлаб амалга оширилмоқда. Мазкур авиақатновлар сайёҳлар, ишбилармонлар, шунингдек, Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги ҳамкорликдан манфаатдор тадбиркорлар учун қулай логистик имкониятларни яратади.
Тошкентдаги учрашувлар ва музокаралар чоғида икки томонлама алоқаларни чуқурлаштириш, хусусан, Гоа штати билан туризм, фармацевтика, муқобил энергетика, “яшил” иқтисодиёт, қишлоқ хўжалиги ва ахборот технологиялари йўналишларида ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳим йўналиш сифатида қайд этилган эди.
Томонлар таъкидлашича, Тошкент–Гоа тўғридан тўғри авиақатновлари савдо-иқтисодий ҳамкорлик, туризм оқимини ошириш, ишбилармон доиралар алоқаларини кенгайтириш ҳамда Ўзбекистон–Ҳиндистон стратегик шериклигини амалий мазмун билан бойитишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.







