Жаҳон | 12:21
612
3 дақиқада ўқилади

FT: Франция ЕИга Россиянинг музлатилган активларини беришдан бош тортмоқда

Франция банкларида РФ Марказий банки активларидан тахминан 18 миллиард евро миқдоридаги маблағлар музлатиб қўйилган. Бироқ Париж тижорат банкларида сақланаётган Россия активларини Киев эҳтиёжлари учун ишлатиш ғоясини қўллаб-қувватламайди.

Фото: Global Look Press/Nikolay Gyngazov

Париж Украинага «репарацион кредит» бериш учун Франциядаги хусусий банкларда музлатилган Россия активларининг ушбу қисмидан фойдаланишга қарши чиқмоқда. Бу ҳақда FT (Financial Times) газетаси душанба, 8 декабр куни манбаларига таяниб хабар берди.

Нашр суҳбатдошлари маълумотига кўра, Европа бўйлаб музлатилган Россия Банкининг 200 миллиард еврога яқин активларининг 185 миллиард еврога яқини Белгиядаги Euroclear депозитарийси ҳисобларида, яна 18 миллиард ва 7 миллиард евро мос равишда Франция ва Белгиянинг тижорат банкларида сақланади.

Шу тарзда, Франция Россия Марказий банкининг музлатилган активлари миқдори бўйича Европада иккинчи йирик давлат саналади. Бироқ мақолада таъкидланишича, Париж «айрим бошқа Европа пойтахтлари норозилигига сабаб бўлган ҳолда» Россия активлари қаерда сақланаётгани ва улар бўйича ҳисобланган фоиз даромадлари қандай ишлатилаётгани ҳақидаги маълумотни ошкор этмай, бундай маълумотларнинг «махфийлик табиати»га ишора қилмоқда.

Вазиятдан хабардор FT’нинг уч манбаси фикрича, 18 миллиард еврога яқин маблағнинг асосий қисми мамлакатнинг энг йирик банки — BNP Paribas’да сақланаётган бўлиши мумкин. Банкнинг ўзи, шунингдек яна учта йирик француз банки нашрга изоҳ беришдан бош тортган.

Қайд этилишича, ушбу активлар Еврокомиссия томонидан Украинага РФ Марказий банки музлатилган активлари ҳисобига «репарацион кредит» бериш режаси туфайли «алоҳида эътибор марказига тушган». Еврокомиссиянинг сўнгги таклифига кўра, фақат Euroclear’да сақланаётган 185 миллиард еврогина эмас, балки барча ЕИ мамлакатларида музлатилган Россия активларидан фойдаланиш кўзда тутилади.

FT ёзишича, француз амалдорлари Украинага «репарацион кредит» бериш ғоясини қўллаб-қувватлаётган бўлса-да, хусусий банкларда музлатилган маблағлардан фойдаланишга қарши чиқмоқда, чунки бу банклар билан тузилган шартномалар шароити Euroclear билан тузилган шартлардан фарқ қилади.

Белгиядаги депозитарий музлатилган Россия активларидан фойда кўради, аммо унда Россияга фоиз тўлаш бўйича шартномавий мажбуриятлар йўқ. Ушбу тушумлар аллақачон Украинани 50 миллиард еврога яқин кредит билан таъминлаш механизмида қўлланмоқда. Шу билан бирга, хусусий банклар, одатда, депозитлар бўйича йиғилган фоизларнинг барчасини ёки бир қисмини Россияга тўлаб бериши керак бўлади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид