Жаҳон | 23:15 / 10.12.2025
1142
2 дақиқада ўқилади

216 ёш – америкалик кекса эр-хотин Гиннеснинг ақл бовар қилмас рекордини ўрнатди

Америкалик эр-хотин Лайл ва Элеонор Гиттенс ақл бовар қилмайдиган жаҳон рекордини ўрнатди: улар дунёдаги энг узоқ умр кўрган жуфтликка айланди.

Фото: LongeviQuest

Гиннеснинг рекордлар китоби ўзининг ижтимоий тармоқларида америкалик жуфтлик - Лайл ва Элеонор Гиттенснинг ютуғини қайд этди.

Эркак ва аёл расман ҳозир яшаётганлар орасида ҳам, бутун кузатувлар тарихида ҳам энг кекса эр-хотин деб тан олинди. Рекорд ўрнатилган вақтда уларнинг умумий ёши 216 ёш-у 132 кун (Лайл 108 ёшда, Элеонор 107 ёшда).

Шунингдек, Лайл ва Элеонор турмуш қуриш давомийлиги бўйича рекорд ўрнатди - 83 йил. Рекордлар узоқ умр кўришни ўрганиш бўйича халқаро LongeviQuest ташкилоти томонидан тасдиқланган.

Лайл ва Элеонор 1941 йилда Атланта (АҚШ) Кларк университети баскетбол ўйинида танишган. Бир йилдан сўнг, 1942 йилда, Лайлнинг армияга чақирилиши яқинлашаётганига қарамай, улар турмуш қурди. Тўй 4 июн куни бўлиб ўтди - келин-куёвга ҳарбий тайёргарликдан атиги уч кунлик таътил берилди.

Иккинчи жаҳон уруши пайтида Лайл Италияда АҚШ армиясининг 92-пиёда дивизияси таркибида хизмат қилди. Элеонор биринчи фарзандини кутаётганда Ню-Йоркка кўчиб ўтди, самолёт қисмларини ишлаб чиқарувчи компанияда ишлади ва эри билан хат ёзишди.

Фото: LongeviQuest

Урушдан кейин эр-хотин Ню-Йоркда ўрнашиб, учта фарзандни: ўғли Лайл Рожерс ва қизлари Анжела ва Игнени тарбиялади.

Иккаласи ҳам давлат хизматида ишлади ва Элеонор 69 ёшида Фордҳам университетида шаҳар таълими бўйича докторлик диссертациясини ҳимоя қилди.

Сўнгги йилларда эр-хотин Майамида қизи Анжела билан бирга яшаяпти. Лайл Ню-Йоркни соғинганини тан олади, лекин унинг учун энг муҳими – севимли рафиқасининг ёнида бўлиш.

Бунгача никоҳ давомийлиги бўйича рекордчилар бразилиялик 105 ёшли Маноэл Анхелим Дино ва 101 ёшли Мария де Соуза Дино бўлган эди. Улар 84 йил-у 77 кун бирга яшади, аммо 2025 йил ноябрда Маноэл ўлимидан сўнг рекорддан маҳрум бўлди.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид