2024 йилда Ўзбекистонда 271 776 та никоҳ қайд этилган. 45 135 та оила эса ажрашган. Энг эътиборли жиҳати — ажримларнинг 54 фоизи “характер мос келмагани” сабабли содир бўлган.
Демак оила қуриш фақат тўй ва севги эмас — бу икки инсоннинг феъл-атвори, дунёқараши ва ҳаётга ёндашуви қай даражада уйғун экани билан бевосита боғлиқ. Аммо кўп ўзбек оилаларида танлов кўпинча “катталарга ҳавола” қилиб қўйилади. Натижада қиз ёки йигитнинг ҳақиқий хоҳиши, эҳтиёжи эътибордан четда қолади.
Шундай экан, оилаларни мустаҳкамлаш ва ажримларни камайтириш учун турмуш ўртоқ танлашга ёндашувни тўғри ташкил этиш муҳим вазифа.
Турмуш ўртоқ танлаш: қизларга ўргатилиши керак бўлган 6 асосий мезон
1. Хулқ ва характер биринчи ўринда туриши керак. Яхши, инсофли, масъулиятли ва сизни ҳурмат қиладиган йигит — оила пойдевори. Аксинча, доим жаҳл билан гапирадиган, назоратчи, ҳақорат қилишга мойил эркак билан тинч ҳаёт кечириш қийин.
2. Ҳар қандай вазиятда ҳам у сизнинг ёнингизда тура оладими? Чунки оилада доим ҳам яхши вазият бўлавермайди, баъзида эр-хотин қўллаб-қувватлашга муҳтож бўлишади. Қиз шундай йигитни танлаши керакки, у қийин пайтда қочиб кетмасин, муаммони бирга ҳал қилсин, “сенинг муаммонг — менинг муаммом” деб ёнида турсин.
3. Йигитдаги эмоционал барқарорлик жуда муҳим. Агар у ҳафтада бир-икки кун изсиз ғойиб бўлиб турса, хафа бўлганда жим “йўқолиб” қолса, сиздан “ўч олиш”ни одат қилган бўлса — бу хавфли сигнал. Бундай муносабат қизни руҳан синдиради.
4. Дунёқарашлар мос келиши керак, чунки оилада тинчлик — икки киши бир-бирини тинглаши ва тушуниши билан бошланади. Фақат ташқи кўриниш, бойлик ёки романтика асосида танлов қилиш катта хато. Ўзингизга савол беринг: “Биз ҳаётдан бир хил нарсани истаймизми?” Агар жавоб “ҳа” бўлса омадли никоҳдан дарак.
5. Йигитнинг аёлга ва оилага бўлган муносабатини ўрганинг. Йигит онасига, опа-синглисига, қариндош аёлларга қандай муносабатда? Шу муносабат эртага хотинига бўладиган муносабатнинг ойнаси.
6. Куёвнинг молиявий имкониятлари, албатта, ҳамма учун муҳим. Аммо сиз унинг бой-камбағал эканини эмас, қанчалик масъулиятли эканини текширинг. Асосий савол — у ишлайдими, ривожланишга ҳаракат қиладими, масъулиятни ҳис қиладими? Бойлик эмас, барқарорлик оилада катта ўрин тутади. Бойлик бўлиш шарт эмас. Лекин ишга, харажатга ва масъулиятга жиддий ёндашиши — муҳим мезон.






