Жаҳон | 22:29
1061
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Киевга Европа Иттифоқига қўшилишни ва «Корея сценарийси»ни таклиф қилмоқда

Вашингтон ва Киев 2027 йилдаёқ Украинанинг Европа Иттифоқига аъзо бўлишини назарда тутувчи тинчлик режасини муҳокама қилмоқда. Бошқа ғоялар орасида демилитаризация зонасини яратиш ва АҚШ томонидан хавфсизлик кафолати ҳам бор.

Фото: Getty images

Вашингтон ва Киев Украинадаги урушни тўхтатиш режасини муҳокама қилиш доирасида Украинанинг Европа Иттифоқига 2027 йилдаёқ қўшилиш таклифини кўриб чиқмоқда, деб хабар берди The Washington Post (WP) шарҳловчиси Дэвид Игнатиус 9 декабр куни эълон қилинган мақоласида Америка ва Украина расмийларига таяниб.

Унинг сўзларига кўра, президент Доналд Трамп маъмурияти Украинанинг Европа Иттифоқига тезкор қабул қилинишига қарши бўлган Европа Иттифоқи давлатлари, жумладан Венгрия қаршилигини енгиш мумкин, деб ҳисоблайди.

Вашингтоннинг фикрича, Европа Иттифоқига аъзолик Украинанинг иқтисодий ривожланишини рағбатлантириши, савдо ва инвестицияларнинг кенгайишига ва коррупцияга қарши курашнинг кучайишига олиб келиши керак. Шу билан бирга, Донецк вилоятидан Херсон ва Запорожиегача бўлган ўт очишни тўхтатиш чизиғи бўйлаб қуролдан холи ҳудуд яратиш ғояси муҳокама қилинмоқда.

Игнатиуснинг ёзишича, бу ҳудуддан ташқарида яна бир чуқурроқ зона пайдо бўлиши мумкин, у ерда оғир қуроллар тақиқланади. Уни Жанубий ва Шимолий Корея ўртасидаги демилитаризация зонасига ўхшаш тарзда доимий кузатув остига олиш режалаштирилган.

WP маълумотларига кўра, АҚШ Украинага НАТО Низомининг 5-моддаси билан таққосланадиган хавфсизлик кафолатларини беришга тайёр. Киев бундай ҳужжат нафақат имзоланиши, балки АҚШ Конгресси томонидан ратификация қилинишини талаб қилмоқда. Европа давлатлари, ўз навбатида, ўз кафолатларини тақдим этиши керак бўлади.

Шу билан бирга, АҚШ янги миллий хавфсизлик стратегияси Вашингтоннинг Россия томонидан такрорий тажовуз бўлган тақдирда Европага ҳарбий ёрдам кўрсатишга тайёрлигини шубҳа остига қўяди, аммо Трамп жамоаси АҚШ Украинани разведка маълумотлари билан таъминлашда давом этишига ишонтирмоқда.

Бошқа таклифлар қаторида Запорожие атом электр станциясини АҚШ назоратига ўтказиш ҳам муҳокама қилинмоқда, деб ёзади WP.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид