Жаҳон | 20:32
1769
6 дақиқада ўқилади

Таиланд ва Камбоджа яна урушмоқда

Навбатдаги тинчлик шартномаси тузилганига бир ярим ой ҳам бўлмади. Трамп уларни биргина телефон қўнғироғи билан яраштиришни ваъда қилмоқда, аммо энди унга ишонч йўқ.

Таиланд чегара ҳудудида яшириниб ўтирган тинч аҳоли вакили, 11 декабр
RUNGROJ YONGRIT / EPA / Scanpix / LETA

Таиланд ва Камбоджа ўртасида узоқ тарихга эга чегара низосида яна кескинлашув юзага келди. 6 декабрдан буён икки мамлакат аскарлари Дангрэк тоғларида бир-бирини артиллерия ва ўқотар қуроллардан ўққа тутмоқда. Таиланд авиацияни ҳам ишга солди.

Ҳозирги вазият июл ойидаги тўқнашувларнинг такрорланиши бўлмоқда. Ўшанда чегарадаги жанглар беш кун давом этиб, камида 40 киши ҳалок бўлган, юз минглаб кишилар ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлганди. 28 июл куни Таиланд ва Камбоджа Малайзия воситачилигида ўт очишни тўхтатишга келишиб олган, 26 октябр куни эса тинчлик келишуви имзоланганди – бу сафар Малайзиядан ташқари АҚШ ҳам воситачилик қилганди. Шундан кейин томонлар юз йилдан ортиқ вақтдан буён ноаниқ бўлиб қолаётган чегарани демаркация қилиш бўйича музокараларга бошлаганди.

Аммо амалда бу келишувларнинг ҳеч бирига риоя қилинмади. Ҳар икки томон ҳарбийлари вақти-вақти билан ўзаро отишмаларга киришган, ноябр ойида эса таиландлик икки аскар камбоджаликлар ўрнатган минани босиб олиш оқибатида портлаб кетган (ҳар икки томон узоқ вақтдан бери чегарани миналаштириб келади). Шундан сўнг Таиланд музокаралар жараёнидан чиқишини эълон қилди.

Ҳар икки томон анъанавий равишда бир-бирини сулҳни бузганликда айблади. Навбатдаги эскалация ким туфайли бошлаганини аниқ айтишнинг имкони йўқ: ўт очишни тўхтатиш кескинлашув билан алмашган нуқта сифатида кўрсатиш мумкин бўлган ягона аниқ ҳодисани аниқлаб бўлмайди.

7 декабр куни Таиланд армияси вакиллари ўз позициялари Камбоджа ҳудудидан туриб ўққа тутилгани, натижада бир аскар ҳалок бўлиб, яна саккиз нафари жароҳатланганини маълум қилди. Бунга жавобан Таиланд F-16 қирувчиларини ҳавога кўтариб, Камбоджа ҳарбий объектларини бомбардимон қилди.

Камбоджа эса, аксинча, айнан Таиланд томони 7 декабр куни биринчи бўлиб оғир артиллерия қўллаганини айтмоқда. Камбоджа ҳукумати тинч аҳоли вакиллари бўлган тўрт киши ҳалок бўлиб, тўққиз киши яраланганини маълум қилган.

Кейинги кунларда тез-тез тўқнашувлар содир бўлди, дронлар ва «Град» баравар ўт очиш тизимлари ишга тушди. Натижада, Таиланд расмийларининг ҳисоб-китобларига кўра, 438 мингга яқин одам махсус жиҳозланган марказлар ва вақтинчалик бошпаналарга кетишга мажбур бўлган. Камбоджа расмийлари эса ўн минглаб кишилар уйларини тарк этганини маълум қилди.

Таиланддаги қишлоқ ўққа тутилиши оқибатлари, 11 декабр
CHINE NOUVELLE / SIPA / Scanpix / LETA
Таиланддаги эвакуация маркази, 10 декабр
RUNGROJ YONGRIT / EPA / Scanpix / LETA

Икки мамлакатнинг чегараолди ҳудудларида самарали гуманитар ёрдам кўрсатиш имконини берадиган инфратузилма мавжуд эмас. Одамлар сув, дори-дармон, турар жой ва эвакуация учун транспорт етишмовчилигига дуч келмоқда.

Зиддиятнинг янги босқичидаги қурбонлар сони аллақачон бир неча ўн кишини ташкил этмоқда. Икки томондан ҳам турар жой бинолари, шифохоналар, ибодатхоналарга зарар етказилгани ҳақида хабарлар берилмоқда. Жануби-Шарқий Осиё минтақасида совуқ ва нам мавсум бошлангани вазиятни янада мураккаблашмоқда, ҳозирги об-ҳаво шароити тинчлик даврида ҳам касалликлар кўпайиши ва эпидемия хавфи ошишига сабаб бўлади.

Малайзия бош вазири Анвар Иброҳим ва Жануби-Шарқий Осиё давлатлари ассоциацияси яна Таиланд ва Камбоджани музокаралар столига ўтказишга ҳаракат қилмоқда. АҚШ президенти Доналд Трамп «қўнғироқ қилиш» ва ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш ниятида эканини маълум қилди. Ёз ва кузда у ҳамда унинг сафдошлари Трамп бир йилдан камроқ вақт ичида бутун дунё бўйлаб бир нечта урушларни, жумладан, Таиланд ва Камбоджа ўртасидаги урушни тўхтатишга муваффақ бўлганини бот-бот айтишганди.

Ҳарбий жиҳатдан заифроқ бўлган Камбоджа халқаро воситачиликни бажонидил қабул қилади, Таиланд эса можарони фақат тўғридан тўғри музокаралар орқали ҳал қилиш мумкинлигини таъкидлайди.

Камбоджада таиландлик ҳарбийлар дрони зарбасига учраган кўп қаватли бино, 11 декабр
ROYAL THAI NAVY / Reuters / Scanpix / LETA
Камбоджанинг чегара ҳудудларидан эвакуация қилинган аҳоли учун лагер, 11 декабр
TANG CHHIN Sothy / AFP / Scanpix / LETA

Бундан ташқари, Таиланд сиёсий инқирозни бошдан кечирмоқда: ёздаги эскалация август ойида бош вазир Петонгтарн Чинават ҳукуматининг қулашига сабаб бўлганди. Энди бошқарувга заиф коалицион ҳукумат келган, ўтган вақт ичида бир неча бор бош вазирлар алмашди. Урушдаги нафақат оператив, балки сиёсий раҳбарлик ҳам амалда муросага мойил бўлмаган Таиланд бош штаби қўлида.

Таиланд ҳарбийлари Камбоджага анча вақтгача таҳдид қила олмайдиган даражада зарар етказиш ниятида эканини маълум қилишган. Бу режа доирасида қўшни давлатнинг ичкари ҳудудларига ҳам зарбалар йўлланиши мумкин: Таиланд F-16 самолётларига эга, Камбоджанинг эса ўз ҳарбий-ҳаво кучлари мавжуд эмас. Аммо ҳозирча Таиланд бу имкониятдан фойдаланмаяпти.

Шу билан бирга, можаро ҳамон чегаравий масала бўлиб қолмоқда ва унинг рамзий маркази икки давлат чегарасидаги қадимий Преаҳвиҳея ибодатхонасидир. Ибодатхона қайси томонга тегишлилиги ҳақидаги баҳс нафақат ҳудуд, балки миллий ғурур ҳақидаги баҳсдир. Камбоджа томонидан ҳам, Таиланд томонидан ҳам миллатчилар ибодатхонани назорат қилиш мамлакатнинг қадр-қиммати масаласи эканини таъкидлашмоқда.

Муаллиф:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид