Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Зеленский офиси раҳбарлигига 5 номзод. Бу ҳақида нималар маълум?
Андрей Ермакнинг ўрнини ким эгаллаши мумкин?
Украина президенти Володимир Зеленский ўз офиси раҳбарлиги учун номзодларни маълум қилди. Бу лавозим ноябр ойи охирида, яқин вақтларгача мамлакатда президентдан кейинги иккинчи энг нуфузли шахс ҳисобланган Андрей Ермак истеъфога чиқарилгач, бўш қолди. Ермак «Энергоатом» давлат компаниясидаги ўғриликлар бўйича шов-шувли иш доирасида ўтказилган тинтувдан кейин ишдан бўшатилди. Украина президенти офисининг янги раҳбари бўлиш учун номзодлар рўйхатидан беш нафар мулозим ўрин олган. «Медуза» уларнинг ҳар бири ҳақида ҳикоя қилди.
Денис Шмигал
Украина мудофаа вазири

Россиянинг Украинага кенг кўламли босқинидан олдин Шмигал Ивано-Франковск областини бошқарган (2019–2020 йиллар), шунингдек, қисқа муддатга бош вазир ўринбосари – регионлар ва обшчиналарни ривожлантириш вазири (2020 йил феврал–март ойларида) бўлиб ишлаган. 2020 йил мартидан 2025 йил июлига қадар Шмигал Украина ҳукумати раҳбари эди, сўнгги ярим йилга яқин вақт давомида мамлакат мудофаа вазири лавозимини эгаллаб келмоқда.
Уруш даврида Украинадаги ва ғарбдаги нашрлар Зеленский ва Шмигал ўртасидаги муносабатларга турлича баҳо берган. 2024 йил ёзида «Украинская правда» президент ундан «чарчагани» ва уни бош вазир лавозимидан кетказмоқчи экани ҳақида ёзганди. «Президент Шмигалдан чарчади, бу мажлислардаги муносабатдан кўриниб турибди. Энди уни алоҳида эътибор билан тингламаяпти ҳам.
Бу ҳисоб-китобдан кўра кўпроқ ҳиссиёт масаласи... Зеленский доимо қандайдир креатив ечимлар ва таклифларни хоҳлайди, Шмигал эса сўнгги йилларда ўсган бўлса-да, тўлиқ ўзгара олмаяпти», – деганди нашр манбаларидан бири.
Шу билан бирга, Bloomberg манбалари 2025 йил июлида Шмигални Украинанинг муҳим иттифоқчиси саналган АҚШдаги элчиси лавозими учун номзодлар қаторида келтирганди.
«Новая газета Европа» нашрининг Киевдаги мухбири Олга Мусафирова қайд этганидек, Шмигал бош вазир лавозимида «йирик можаролардан четда турди» ва «яққол хатоларга йўл қўймади».
Михаил Федоров
Бош вазирнинг биринчи ўринбосари – рақамли трансформациялар вазири
Федоров Зеленскийнинг 2019 йилги сайловлар чоғидаги президентлик кампаниясида digital-йўналишга раҳбарлик қилган. Зеленский президентликка сайлангач, унинг штатдан ташқари маслаҳатчисига айланган, «Слуга народа» партиясидан Олий Рада депутатлигига сайланган, 2019 йил августида бош вазир ўринбосари ва рақамли трансформациялар вазири сифатида ҳукуматга кирган.
Федоров Алексей Гончарук, Денис Шмигал ва Юлия Свириденко ҳукуматларида ушбу лавозимни сақлаб қолмоқда. У Украина тарихидаги энг ёш вазир бўлганди. Унинг раҳбарлиги остида турли рақамли давлат хизматлари ишга туширилган, давлат хизматларини таклиф этувчи «Дія» рақамли тизимини бунга мисол қилиб келтириш мумкин.
Бундан ташқари, Федоров – Украина мудофааси ҳамда мамлакатни тиклаш учун хайрия маблағлари тўпланадиган United24 платформасини ташкил этишда ташаббускорлардан бири бўлган. Бу платформани Зеленскийнинг ўзи ҳам мунтазам равишда реклама қилиб келади. Унинг проектларидан бири – «Дронлар армияси» – Украинада пилотсиз тизимлар ривожланишини тезлаштирди. «РБК – Украина» ёзишича, айнан Федоров миллиардер Илон Маск билан музокаралар ўтказиб, уни Украинани Starlink сунъий йўлдош интернетига улашга кўндирган, бу эса уруш даврида фронтдаги ҳарбийларнинг ўзаро алоқаси учун муҳим аҳамиятга эга бўлди. Нашр Федоровни Украина президенти офисининг янги раҳбари бўлиш учун асосий даъвогар деб атаган.
Кирилл Буданов
Украина мудофаа вазирлиги Бош разведка бошқармаси (ГУР) бошлиғи
Будановни мамлакатнинг бош разведкачиси деб аташади. У разведка бошқармасини 2020 йилдан буён бошқариб келмоқда. Унга қадар Буданов махсус топшириқли бўлинмада хизмат қилган, 2014 йилдан буён Донбассдаги жангларда қатнашган, 2018–2020 йилларда эса махсус топшириққа юборилган, бу ҳақда ҳеч нарса маълум эмас. 2023 йилга келиб Буданов генерал-майор даражасига кўтарилди, бир йил ўтиб унга «шахсий жасорати ва қаҳрамонлиги» учун Украина қаҳрамони унвони берилди.
Россия ва Украина ўртасида катта уруш бошланганидан буён Буданов рафиқаси Марианна билан биргаликда Бош разведка бошқармаси биносида яшаб келмоқда. Украина нашрлари 2023 йилда Марианнани оғир металл билан заҳарлашга уринишгани ҳақида ёзганди. Будановнинг ўзи ҳам бир неча суиқасддан омон қолган.
«24-телеканал» маълумотига кўра, Буданов разведка бошқармаси амалиётларида шахсан иштирок этиб келади. У хизмат чоғида бир неча бор тан жароҳати олган. Россиядаги давлат агентликлари шундай амалиётлардан бири вақтида Буданов ҳалок бўлгани ҳақида хабар тарқатганди. Россияда дронлар ҳужумлари туфайли бошқа қатор украин ҳарбийлари қаторида унга ҳам теракт содир этиш бўйича айблов эълон қилинган. «Рейтинг» ижтимоий гуруҳи томонидан ўтказилган сўровдан маълум бўлишича, украинлар Будановни энг кўп ишончга сазовор бўлган расмийлар учлигига киритишган. Ундан олдинда – фақат Валерий Залужний ва Володимир Зеленский бор.
Павел Палиса
Украина президенти офиси раҳбари ўринбосари
Палиса Украина президенти офиси раҳбари ўринбосари лавозимида 2024 йил ноябридан буён ишлайди. Уни Володимир Зеленскийнинг ҳарбий масалалар бўйича маслаҳатчиси деб ҳам аташади. Палиса – 2025 йил баҳорида АҚШ билан музокараларда қатнашган Украина делегацияси таркибида бор эди.
Сиёсатга кириб келгунига қадар Палиса 2002–2024 йилларда Украина қуролли кучларида хизмат қилган ва ҳарбий ҳаракатларда қатнашган. Хусусан, 2023 йилда Бахмут мудофааси вақтида «Холодний Яр» 93-алоҳида механизациялашган бригадаси қўмондонларидан бири эди. Украина қуролли кучлари полковниги ҳарбий унвонига эга.
Сергей Кислица
Украина ташқи ишлар вазири ўринбосари
Катта тажрибага эга дипломат. Кўп йиллар мобайнида халқаро ташкилотларда Украина манфаатларини ифода этиб келган. 2020–2024 йилларда Кислица Украинанинг БМТдаги доимий вакили бўлган. Бундан ташқари, Кислица – Истанбулдаги тинчлик музокараларида Украина делегацияси аъзоси эди. У АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти вакиллари билан ҳозирги музокараларда ҳам иштирок этмоқда.
Яқинда дипломат билан бўлган учрашувдан сўнг Зеленский Кислицани шундай таърифлади: «Украина ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари ва узоқ вақт давомида айнан Америкада ишлаган профессионал дипломат сифатида Сергей тегишли тажриба ва қарашларга эга». Ушбу учрашувга украиналик журналистлар президент офиси раҳбари лавозимига номзодларни танлаш босқичларидан бири сифатида қарашди.
***
Володимир Зеленский 8 декабр куни журналистларнинг саволларига жавоб бераркан, президент офиси раҳбарини тайинлашда муаммолар юзага келиши мумкинлиги, чунки барча номзодлар муҳим лавозимларни эгаллаб турганини таъкидлади. «Вазият ўша „Женга“ ўйинидаги каби бўлишини хоҳламайман, сен битта детални олиб ташлайсан ва ҳаммаси сочилиб кетади», – деган Зеленский. У президент идораси муҳимлиги, «лекин бошқа институтлар ҳам борлиги»ни таъкидлаган. «Ҳар қандай ҳолатда ҳам танлов қилиш керак, агар бу узоқ вақт давом этса, мен офис раҳбарисиз ҳам ўзимни эплай олишимга кўникиб қоламан ва, эҳтимол, бусиз ҳам яшай оламан, лекин бир қарорга келиш керак», – дея қўшимча қилди Украина президенти.
Мавзуга оид
15:58
УХХ Одессада РФнинг «яширин флоти» кемаси қўлга олингани ҳақида хабар берди
15:31
Полша дрон технологиялари эвазига Киевга МиГ-29 самолётларини бериш ниятида
13:20
УХХ дронлари Қора денгизда РФнинг «яширин флоти» танкерини нишонга олди
10:41