Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Европа Кенгаши Украинага яна 2,3 млрд евро ажратади
Украина Ukraine Facility дастури доирасида 2,3 млрд евро миқдоридаги олтинчи траншни олиш учун талаб қилинган шартларни бажарди, деб хабар берди ЕИ Кенгаши. Маблағлар, жумладан, мамлакатнинг макромолиявий барқарорлигини мустаҳкамлашга йўналтирилади.
Европа Иттифоқининг Ukraine Facility ёрдам механизми доирасида Украина яқин вақтларда тахминан 2,3 млрд евро миқдоридаги олтинчи траншни олади, деб хабар берди Европа Иттифоқи Кенгаши пайшанба, 11 декабр куни. Қонун чиқарувчи орган сайтидаги баёнотда таъкидланишича, «ушбу сумма Украина томонидан олтинчи траншни олиш учун зарур бўлган саккиз қадамни муваффақиятли адо этгани, шунингдек, тўртинчи траншдан қолиб кетган битта бажарилмаган қадамни ҳам тугаллаганини акс эттиради».
Қайд этилишича, маблағлар, аввало, «Украинанинг макромолиявий барқарорлигини мустаҳкамлаш ва унинг давлат бошқаруви фаолиятини қўллаб-қувватлаш» учун мўлжалланган. Умумий ҳисобда, Украина ҳозирги пайтга қадар Ukraine Facility дастури доирасида талаб қилинган 68 шартнинг 63 тасини бажарган.
Аввалги, 1,8 млрд евродан ортиқ миқдордаги транш жорий йил ноябр ойи бошида Киевга ўтказилган эди. ЕИ Кенгаши кейинги траншнинг тез орада берилишини Украина томонининг «Евроиттифоққа қўшилиш мақсадларига мос келадиган ислоҳотлар ўтказишга садоқати» билан изоҳлади.
Бундан олдин Киевга тўловлар 2025 йил август ойида (3,2 млрд евро) ва апрел ойида (3,5 млрд евро), шунингдек 2024 йил декабрида (4,1 млрд евро) ва август ойида (4,2 млрд евро) маъқулланган эди.
2024 йил март ойида ишга туширилган Ukraine Facility ёрдам механизми 2027 йилгача мўлжалланган бўлиб, шу муддат давомида ЕИ Украинага «барқарор ва олдиндан тахмин қилинадиган молиявий ёрдам» сифатида 50 млрд еврогача маблағ ажратиши мумкин, деб ёзади Еврокомиссия сайти.
Олти траншдан ташқари, ЕИ Украинага 6 млрд евро миқдорида оралиқ молиялаштириш ва 1,89 млрд евро миқдорида аванс молиялаштириш ҳам берган.
Брюсселда таъкидланишича, Ukraine Facility доирасидаги тўловлар мамлакатнинг аниқ тикланиш ва ислоҳотлар режасини амалга ошириши, шунингдек демократик механизмлар, қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқларини қўллаб-қувватлаши билан боғланган. Тўловлар Еврокомиссия шартлар бажарилганини текширгандан сўнг ҳар чоракда амалга оширилади.