Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Беларусдан ерости туннели орқали Полшага 180 нафардан ортиқ ноқонуний мигрант кириб келди
Полша чегара хизмати хабар беришича, Беларус ҳудудидан ерости туннели орқали Полшага 180 нафардан ортиқ ноқонуний мигрант ўтган. Бу — 2025 йилда поляк чегарачилари аниқлаган тўртинчи қазилма ҳисобланади.
Фото: Полша чегара хизмати
Беларусдан Полшага Подляское воеводлигидаги Наревка аҳоли пункти атрофида қазилган ва пайшанба, 11 декабр куни аниқланган ерости туннели орқали 180 нафардан ортиқ ноқонуний мигрант кириб келганини Полша чегара хизмати маълум қилди. Чегарачилар, ҳарбийлар ва полиция ходимлари 130 нафардан ортиқ ноқонуний мигрантни ушлашга муваффақ бўлган, қолганларини қидириш давом этмоқда.
Полша чегара хизмати вакили, подполковник Анджей Юзвякнинг айтишича, “узунлиги бир неча ўн метр бўлган, тўсиқ ва техник йўл остига ўтказилган туннел”нинг баландлиги тахминан 1,5 метр бўлган. Туннелнинг ўрмонда яширилган кириш қисми Беларус томонидан чегарадан тахминан 50 метр масофада, чиқиш қисми эса Полша томонидаги тўсиқдан тахминан 10 метр нарида жойлашган.
Унинг сўзларига кўра, қисқа вақт ичида туннелдан 180 нафардан ортиқ хорижлик фойдалангани электрон назорат тизимлари орқали аниқланган. Ушланганларнинг катта қисми — Афғонистон ва Покистон фуқаролари. Шунингдек, Ҳиндистон, Непал ва Бангладеш паспортига эга шахслар ҳам мамлакатга кириб келган.
Полша ҳокимияти маълумотларига кўра, жорий йилнинг ўзида Подляское чегара бошқармаси Беларус билан чегара остида қазилган тўртта туннелни аниқлаган. Бу сафар маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари ноқонуний мигрантларнинг катта қисмини ушлаш билан бирга, уларни эҳтимол Ғарбий Европа давлатларига олиб кетиши керак бўлган икки ҳайдовчини ҳам қўлга олган. Гап 69 ёшли поляк фуқароси ва 49 ёшли литвалик фуқаро ҳақида кетмоқда.
Полша чегарачилари маълумотига кўра, ҳар йили тахминан 30 минг киши Беларус—Полша чегарасини ноқонуний кесиб ўтишга уринади. Бу кўрсаткичлар 2021 йилдан бери ўзгармай келаётгани айтилмоқда — гарчи бир неча метрлик пўлат деворлар, дронлар ва иссиқликни кўрувчи камералар ўрнатилган бўлса ҳам.
Полша бош вазири Доналд Туск ҳукумати ҳозирги антимиграция сиёсатига амал қилишини билдирган. Европа комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен эса Полшага ташқи чегараларни ҳимоя қилишда ёрдам тўғрисида ваъда берган. Хусусан, у Россия ва Беларус билан чегарадош ЕИ аъзо давлатларига қўшимча молиялаштириш ажратилишини айтган.
Мавзуга оид
15:31 / 11.12.2025
Полша дрон технологиялари эвазига Киевга МиГ-29 самолётларини бериш ниятида
13:53 / 11.12.2025
Полшадаги НАТО ҳаво ҳимояси миссияси Нидерландияга топширилди
13:10 / 11.12.2025
ЕИ Лукашенко режимига қарши янги санкциялар жорий этмоқчи
13:03 / 08.12.2025