Жамият | 10:55
1031
2 дақиқада ўқилади

Карачида ҳибсдаги ўзбекистонлик: элчихона ишни назоратга олди

Ўзбекистоннинг Покистондаги элчихонаси ходими Карачи шаҳридаги Марказий аёллар қамоқхонасига ташриф буюриб, у ерда вақтинча сақланаётган ватандош билан учрашди. Дипломатлар фуқаронинг мурожаати асосида иш тафсилотларини ўрганиб, суд жараёнини кузатиб бормоқда.

Фото: "Дунё" АА

Маълум қилинишича, у Покистонга 2024 йил декабр ойида Малдив фуқароси бўлган шаръий никоҳдаги турмуш ўртоғи билан тадбиркорлик қилиш мақсадида келган. У 2025 йил январда гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланган гуруҳга турмуш ўртоғи билан шерикликда гумон қилиниб ҳибсга олинган ва Карачидаги Марказий аёллар қамоқхонасига жойлаштирилган. Айни пайтда суд жараёни давом этмоқда.

Фуқаро элчихонага йўллаган мурожаатида хорижлик турмуш ўртоғининг ёлғон ваъдаларга ишониб Покистонга келгани, гиёҳванд моддалар савдосига умуман алоқаси йўқлиги ва озодликка чиқишига ёрдам сўраб мурожаат қилганини билдирган.

Ўзбекистон дипломатлари мурожаатдан сўнг фуқаро билан бир неча бор суҳбат ўтказган, тергов тафсилотларини ўрганган ва суд муҳокамаларини мониторинг қилиб бормоқда. Ватандош айтишича, элчихона аралашувидан кейин унга қўйилган айбловлар янада холис кўриб чиқилмоқда.

Учрашув давомида фуқаронинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида консуллик-ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. Шунингдек, фаол ватандошлар кўмагида озиқ-овқат маҳсулотлари, қишки кийим-кечак ва пул маблағи тақдим этилгани айтилмоқда.

Хабарда қайд этилишича, Покистон томонидан ажратилган адвокат ишни кўриш жараёнида сусткашликка йўл қўйгани сабабли у билан келишув бекор қилиниб, элчихона томонидан бошқа адвокат ёлланган. Янги жалб қилинган адвокат фуқаронинг озодликка чиқиш имконияти юқори эканини маълум қилган.

Сафар чоғида элчихона ходими қамоқхона раҳбарияти билан ҳам учрашиб, ватандошни тез орада Ўзбекистонга — яқинлари олдига қайтариш имкониятлари, шунингдек унга дам олиш, яқинлари билан учрашиш, телефон орқали мулоқот қилиш, адвокат билан кўришиш ва тиббий хизматдан ўз вақтида фойдаланиш шарт-шароитларини янада кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид