Урушдан қайтган одамлар одатда икки хил бўлади: бири тирик қолганига шукр қилиб яшайди, иккинчиси эса тирик қолгани учун ўзини кечиролмайди. Чунки баъзи урушлар фронтда тугамайди. Улар одамнинг руҳиятига кўчиб ўтади.

Бугун дунё яна урушлар, вайрон бўлган шаҳарлар, бир кечада қариб қолаётган болалар ҳақида гапираётган пайтда Эрих Мария Ремаркнинг “Уч оғайни” романи ҳақида гаплашишни лозим топдик.

Асар воқеалари уч дўст – Роберт Локамп, Отто Кестер ва Готтфрид Ленц ҳаёти атрофида содир бўлади. Улар Биринчи жаҳон урушидан омон қайтган одамлар. Бу йигитлар Германиянинг иқтисодий инқироз ичидаги даврида яшайди. Кичик автоустахона очиб тирикчилик қилишади.

Асарда уруш саҳналари деярли йўқ. Ёзувчи сизни қон, портлашлар, фронт тасвирлари билан йиғлатишга ҳаракат қилмайди. Лекин урушнинг сояси ҳар бир диалогда, ҳар бир кулги ортида яширинган. Қаҳрамонлар кулгиси чин кулги эмас. Улар яшашга ҳаракат қиляпти холос, деган тасаввурга борасиз.

Роберт, яъни Робби ташқаридан қараганда сокин, ҳазилкаш, оддий одам. Аммо унинг ичида катта бўшлиқ бор. У келажак ҳақида орзу қилмайди. Чунки уруш инсондан эртанги кунга ишониш ҳиссини ўғирлайди. Шунинг учун Роберт ҳаётни катта маънолар билан эмас, майда лаҳзалар билан ушлаб қолишга ҳаракат қилади.

Ва шу ерда романга Патриция Холлман кириб келади, яъни Пат. Ремарк асарларидаги энг нозик ва энг қайғули аёл образларидан бири. У Роберт ҳаётига кирганида китобнинг руҳияти ўзгариб кетади. Асарда нур, умид пайдо бўлади. Чунки муҳаббат инсонни ҳамиша маъносизликдан қутқаради.

Аммо бу бахт узоққа чўзилмайди. Чунки Ремаркка кўра, урушдан кейинги дунёда бахт ҳамиша вақтинчалик эди. Пат касал. Унинг ўпкаси зарарланган. Бу оддий касаллик эмас, бутун бир даврнинг рамзи. Уруш нафақат шаҳарларни, балки одамларнинг ичидаги ҳаётни ҳам барбод қилган эди. Пат ана шу “йўқотилган авлод”нинг тимсолига айланади.

Қаҳрамонлар тақдирни енгишга уринмайди. Улар ҳаёт ғалаба билан тугамаслигини аллақачон тушуниб бўлган. Улар фақат бир-бирини охиригача ташлаб кетмасликка ҳаракат қилади. Шунинг учун “Уч оғайни” ҳақида гап кетганда, аввало дўстлик улуғланади.

Ҳозирги кунда “дўстлик” сўзини кўп ишлатамиз. Аммо Ремарк ёзган дўстлик бошқа нарса. Бу бирга селфи тушиш ёки байрам қилиш эмас. Бу дўстлик – синган одамни қайтадан йиғиб олишга ўхшайди. Отто ва Ленц Роберт учун айнан шундай инсонлар эди.