Инсон улғайгани сари кўп нарсани ўрганади: қандай пул топишни, қандай обрў орттиришни, қандай ўзини оқлашни, қандай қилиб керакли одамларга ёқишни. Аммо баъзан шу ўрганилган нарсалар эвазига энг муҳим қобилиятини - ҳайратланиш, меҳр бериш ва масъулият ҳиссини йўқотади.
Антуан де Сент-Экзюперининг “Кичкина шаҳзода” асари шунчаки болалар эртаги эмас. Бу - орзуларини катта бўлишга алмаштирган одамлар ҳақидаги китоб.
Асар қаҳрамонининг самолёти саҳрода ҳалокатга учрайди. Унинг ёнида ҳеч ким йўқ. Ана шундай пайтда олдига ғаройиб бир бола келади ва жуда оддий илтимос қилади:
- Менга қўзичоқнинг расмини чизиб бер...
Шу лаҳзадан бошлаб китоб оддий воқеадан ҳаёт ҳақидаги катта суҳбатга айланади.
Кичкина шаҳзода ерлик эмасди. У жуда кичик бир сайёрада яшарди. Унинг сайёрасида учта вулқон ва битта атиргул бор. Унинг атиргули нозик, инжиқ, мақтанчоқ ва айни пайтда жуда ёлғиз эди. Кичкина шаҳзода уни яхши кўрса-да, унчалик тушунмасди. Гулнинг инжиқликларидан чарчаб, сайёрасини тарк этади ва бошқа сайёраларга саёҳатга чиқади.
Аслида китобнинг асосий қисми ҳам шу саёҳатдир. Шаҳзода учратган ҳар бир одам катталар дунёсининг бир қиёфасини ифодалайди.
Биринчи сайёрада подшоҳ яшайди. У ҳеч кимни бошқармайди, аммо ўзини бутун оламнинг ҳукмдори, деб ҳисоблайди. Унинг учун ҳокимиятнинг ўзи муҳим.
Кейинги сайёрада шуҳратпараст одам бор. У ҳар бир келган меҳмондан ўзини мақташини талаб қилади. Унинг ҳаёти бошқаларнинг олқишига боғлиқ.
Яна бир сайёрада майхўр яшайди. У нега ичишини сўрашса, ичганидан уялаётганини айтади. Нима учун уялади, деб сўрашса, ичгани учун уялаётганини айтади. Бу айлана ҳеч қачон тугамайди.
Бошқа бир сайёрада яна ҳам бемазароқ одам яшарди. У юлдузларни санайди, уларни ўзиники деб ҳисоблайди. Аммо улар билан ҳеч нарса қилмайди. Фақат эгалик қилиш ҳиссининг ўзи уни қониқтиради.
Яна географ бор. У бутун дунё ҳақида китоб ёзади, аммо ҳаётида бирор жойни бориб кўрмаган.
Бу қаҳрамонлар кулгили туюлади. Бироқ муаллифга кўра, биз уларнинг ҳар бирини ҳақиқий ҳаётда учратамиз. Баъзан эса уларнинг бир қисми ўзимизда ҳам борлигини сезиб қоламиз.
















