Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Россия пулларини муддатсиз даврга музлатган Европа, Ливанда «катта амалиёт»га тайёрланаётган Исроил ва «Эпштейн иши»да янги суръатлар – кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.
Трамп учинчи жаҳон урушидан огоҳлантирди
АҚШ президенти Доналд Трамп Россия–Украина уруши давом этаётган бир пайтда огоҳлантириш билан чиқиб, бундай можаролар охир-оқибат жаҳон урушига айланиб кетиши мумкинлигини таъкидлади.
«Мен буни аввал ҳам айтгандим: ҳамма шунақа ўйинларни давом эттираверса, охири учинчи жаҳон урушига бориб урилади. Биз эса бундай ҳолатни кўришни истамаймиз», — деди Трамп Овал офисда журналистларга.
Унинг таъкидлашича, уруш «назоратдан чиқиб кетмаса, аслида АҚШга бевосита таъсир қилмайди».
«Мен қотилликлар тўхташини истардим: ўтган ой 25 минг киши ҳалок бўлди — аскарлар, асосан аскарлар, аммо бомбалар тушган жойларда тинч аҳоли ҳам бор».
Трамп шунингдек, АҚШ тинчлик келишуви бўйича воситачилик қилиш учун «жуда қаттиқ ишлаётганини» айтди. Унинг сўзларига кўра, бу ташаббус икки томондан ҳам қўллаб-қувватланмоқда, фақат Украина президенти Володимир Зеленский билан «муаммолар бор».
«Бу бироз мураккаб, чунки ер масаласи муайян тарзда бўлиняпти. Бу энг осон иш эмас. Бу минг баравар мураккаброқ кўчмас мулк битимига ўхшайди», — деди Трамп.
Фронтда эса уруш давом этмоқда. Кеча Украина қуролли кучлари шимоли-шарқдаги Купянск шаҳрининг айрим қисмларини қайтариб олганини ва у ерда Россия қўшинлари қуршаб олинганини маълум қилди. Президент Володимир Зеленский ҳудудга ташриф буюрди.
Жума куни эълон қилган видеолавҳада у бронжилет кийган ҳолда Купянск шаҳрига кириш қисмида тургани кўринади.
«Бугун фронт чизиқларида натижаларга эришиш ниҳоятда муҳим, токи Украина дипломатияда ҳам натижаларга эриша олсин», деди Зеленский видеода.
«Бугун шуни айта оламизки, шаҳардаги россияликлар тўлиқ узиб қўйилган. Улар узоқ вақт нима бўлаётганини тушунишмади. Аммо энди улар қуршовда эканини билишмоқда», — деган Украина қўмондонларидан бири.
Исроил Ливанда катта ҳарбий амалиётга тайёрланмоқда
Ливан ташқи ишлар вазири Юсуф Рожжийнинг маълум қилишича, халқаро томонлардан Исроил Ливанга қарши кенг кўламли ҳарбий амалиёт бошлашга ҳозирланаётгани ҳақида огоҳлантиришлар олган.
Байрут «Ливанни ва унинг инфратузилма объектларини эҳтимолий зарбалардан ҳимоя қилиш учун» дипломатик алоқаларни кескин кучайтирмоқда.
Пайшанба куни кечқурун KAN телерадиокомпанияси Исроил армияси — Ливан ҳукумати «Ҳизбуллоҳ» қуролларини йўқ қилиш мажбуриятини бажармаган тақдирда, кенг миқёсли ҳужум учун тайёргарликни якунлаганини хабар қилди.
Исроил АҚШга шундай маънода хабар юборган: «Исроил мустақил равишда ҳаракат қилади. Ҳатто бу бир неча кунлик жангларга ёки шимолий фронтда тўқнашувларнинг қайта бошланишига олиб келса ҳам».
«Биз Исроил билан Сулҳ келишувига қайтишга интиляпмиз, бироқ тинчлик шартномаси ҳозирча жуда узоқ истиқбол бўлиб қолмоқда», — деди Ливан ташқи ишлар вазири.
Унинг айтишича, Ғазони қўллаб-қувватлаш ва Ливанни ҳимоя қилиш доирасидаги амалиётларда «Ҳизбуллоҳ» қуроллари чекланган самарадорликни кўрсатган.
У Ливан давлати «Ҳизбуллоҳ» билан қуролларни топширишга кўндириш мақсадида мулоқот олиб бораётганини, бироқ гуруҳ ҳозирча бунга рози бўлмаётганини қўшимча қилди.
Ливанда 2024 йил ноябридан буён ўт очишни тўхтатиш режими амал қилиб келмоқда. Ливан соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, сулҳ кучга кирганидан буён Исроил томонидан мингдан ортиқ ҳужум уюштирилиб, камида 335 киши ўлдирилган.
Европа Россия активларини муддатсиз даврга музлатиб қўйди
12 декабр куни Европа Иттифоқи Россия Марказий банкининг Европада сақланаётган активларини муддатсиз музлатиб қўйишга келишиб олди.
Европаликлар Россиянинг Украинага бостириб киришини ўз хавфсизлигига таҳдид деб билади. Шу мақсадда иттифоқ давлатлари 2022 йилдан сўнг музлатиб қўйилган Россия суверен активларининг бир қисмини ишга солишни режалаштирмоқда.
Жума куни келишиб олган дастлабки йирик қадам — 210 миллиард евро миқдоридаги Россия суверен активлари ҳар олти ойда музлатиш муддатини узайтириш бўйича овоз бериш ўрнига, зарур бўлган вақтгача музлатилган ҳолда қолади.
Бу қарор — Москва билан яқин алоқаларга эга бўлган Венгрия ва Словакия келажакда музлатиш рад этиши, натижада маблағларни Россияга қайтаришга мажбур бўлиш хавфини бартараф этади.
Активларнинг муддатсиз музлатилиши — Россия маблағларидан фойдаланиб, Украинага 165 миллиард еврогача кредит ажратиш учун Белгияни кўндиришга қаратилган.
Мазкур кредит Россия уруш зарарлари бўйича товон тўлаганидан кейингина Украина томонидан қайтарилади. Бу эса кредитни амалда грантга айлантиради.
Европалик етакчилар 18 декабр куни агар Москванинг эҳтимолий суд даъвоси муваффақиятли бўлса, харажатларни ёлғиз Белгия кўтариб қолмаслигига келишиб олмоқчи.
Россия Марказий банки эса Европанинг унинг активларидан фойдаланиш режаларини ноқонуний деб атамоқда.
Эпштейн ишида янги суръатлар
АҚШ Вакиллар палатасининг Назорат қўмитаси таркибидаги демократ аъзолар Жеффри Эпштейннинг мулкидан олинган 19 та фотосуратни эълон қилди. Эпштейн жинсий характердаги жиноятлар ва педофилия учун судланган, 2019 йил августида эса қамоқхонада жонига қасд қилган.
Эълон қилинган суратларда АҚШ президенти Доналд Трамп, собиқ президент Билл Клинтон, Microsoft асосчиси Билл Гейтс, шаҳзода Эндрю Виндзор, актёр-режиссёр Вуди Аллен ва бошқа машҳурлар ҳам бор.
Доналд Трамп узоқ йиллар давомида Эпштейн билан дўстона муносабатларни сақлаб келган, бироқ можаро юзага чиққанидан сўнг, улар тахминан 2004 йилда келишмовчиликка боргани ҳақида айтган.
Трамп бир неча бор Эпштейн жиноятларида унинг эҳтимолий иштироки ҳақидаги хабарларни рад этган.
Конгрессмен Роберт Гарция Эпштейннинг фотоархиви 95 мингдан ортиқ суратдан иборат эканини айтиб, демократлар уларнинг барчасини ўрганиш ниятида эканини билдирди. Унинг сўзларига кўра, янги материаллар «яқин кунлар ва ҳафталар давомида» босқичма-босқич эълон қилинади.
Бу фотосуратлар АҚШ Адлия вазирлиги 19 декабргача ошкор қилиши лозим бўлган «Эпштейн файллари» таркибига кирмайди.
BBC нашрининг ёзишича, Билл Гейтс ва собиқ шаҳзода Эндрю туширилган сурат, эҳтимол, Getty Images фотоагентлиги архивидан олинган ва асл тасвирнинг кесилган вариантидир. Тўлиқ версияда ҳозирги қирол Чарлз III ҳам бор.
Юристлар эслатишича, Жеффри Эпштейн кўплаб машҳур шахслар билан алоқада бўлган ва уларнинг фотосуратларда акс этгани ўзи билан ўзи ҳар қандай қонунбузарликни исботламайди. Оқ уй ҳам фотосуратлар эълон қилингач, уларнинг «сохта нарратив яратиш учун махсус танлаб олингани»ни билдирди.
Шунга қарамай, демократлар фикрича, бундай шов-шувли ишда ҳар қандай детал муҳим. «Америка халқи бутун ҳақиқатни билмагунча биз тўхтамаймиз. Адлия вазирлиги барча файлларни дарҳол эълон қилиши шарт», деди Роберт Гарция.
Мавзуга оид
15:36 / 12.12.2025
Ғазода ёмонлашаётган аҳвол, Донбассда «эркин иқтисодий зона» таклифи ва Япониянинг Хитойга «жавоби» – кун дайжести
14:53 / 11.12.2025
Венесуэла танкерини мусодара қилган АҚШ, Европанинг Украина борасида хавотирлари ва Марокашдаги фожиа – кун дайжести
14:17 / 10.12.2025
Сайловларга тайёр Зеленский, Россиянинг ғалабаси ҳақида гапирган Трамп ва журналистлар учун энг хавфли жой – кун дайжести
15:01 / 09.12.2025