Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Зеленский Трампнинг тинчлик режасини қайта ёзишга ҳаракат қилмоқда
У Украина қуролли кучлари сонини чеклашга тайёр, лекин фақат ҳозирги даражада. Шу кунларда Украина АҚШнинг тинчлик режасига ўз жавобини тақдим этган. Бугун Зеленский Берлинда Трампнинг махсус вакили билан учрашмоқда.
Фото: Украина президенти матбуот хизмати
The Wall Street Journal газетаси 13 декабр куни Украина президенти Володимир Зеленскийнинг АҚШ тинчлик режасига жавобини «ҳа, лекин…» сўзлари билан ифодалаш мумкинлиги ҳақида ёзди. Нашр Зеленский «ўз халқи ишончини йўқотмаган ҳолда Оқ уй таклифига конструктив ёндашмоқчи» эканини қайд этган.
Хусусан, Зеленский Украинада сайлов ўтказишга тайёр, аммо бунинг учун аввал ўт очишни тўхтатиш керак. Украина президенти фикрича, кенг кўламли урушнинг илк кунларида эгаллаб олинган Запорижжя атом электр станциясида Россиянинг маълум бир иштирокини сақлаб қолинишига рози бўлиш мумкин, аммо АЭС Украина ва АҚШ томонидан назорат қилиниши керак. Зеленский Украина армиясидаги ҳарбийлар сонига чеклов ўрнатилишига рози, аммо бу чегара ҳозирги даражада бўлиши керак.
Аввалроқ Axios Украина АҚШнинг тинчлик режасига ўз жавобини 10 декабр куни тақдим этганини хабар қилганди. Киев ўз жавобини Европадаги иттифоқчилар билан маслаҳатлашган ҳолда тайёрлаган. Жавоб изоҳлар ва «буларнинг барчасини амалга ошириш учун» таклиф этилаётган тузатишларни ўз ичига олади, деган Украина расмийси Axios билан суҳбатда аноним тарзда.
АҚШнинг дастлабки режаси Украина НАТОга аъзо бўлмаслигини, 100 кун ичида мамлакатда президентлик сайловлари ўтказилишини ҳамда Россия ҳали Донбассда эгаллаб олмаган ҳудудларни ташлаб чиқишни кўзда тутарди.
The New York Times маълумотига кўра, Киев ўз жавобида Украина айни вақтда мамлакатнинг шарқида Украина қуролли кучлари назоратида бўлиб турган ҳудудлар устидан назоратни сақлаб қолиши кераклигини билдирган.
АҚШ Донбасснинг Украина назоратида қолаётган қисмини «эркин иқтисодий зона» ёки «ҳарбийлардан холи ҳудуд»га айлантиришни таклиф қилган. АҚШ режасига кўра, Украина ўз қўшинларини олиб чиқиб кетади, Россия ҳарбийлари ҳам у ерга кира олмайди. WSJ маълумотларига кўра, Зеленский бу таклифни бутунлай рад этмаган ва тўлиқроқ маълумот беришни сўраган. У агар Украина у ердан кетадиган бўлса, Россия қуролли кучларининг олдинга силжишига нима тўсқинлик қилиши ҳақида савол қўйган – ёки ҳудудни назорат қилиш учун фуқаролик ниқоби остида киришга Москвага нима тўсқинлик қилишини.
Бундан ташқари, The New York Times нашрининг ёзишича, Украина «НАТОнинг очиқ эшиклар сиёсати» тамойили номига бўлса ҳам сақлаб қолинишини истамоқда. Шунингдек, Киев Россиянинг келажакдаги эҳтимолий тажовузидан ҳимояланиш кафолатларини қонуний равишда мустаҳкамлашни талаб қилмоқда. Axios маълумотларига кўра, АҚШ Украинага НАТОнинг бешинчи моддасига асосланган хавфсизлик кафолатларини беришга тайёр. Кремл эса бу пайтда Зеленский Украинани НАТОга олиб кира олмаслигига «миллион фоизлик» кафолат бермоқда.
Financial Times маълумотига кўра, Киев АҚШнинг тинчлик режасига жавобида Ураина 2027 йил 1 январигача Европа Иттифоқига аъзо бўлиши бўйича таклиф киритган.
WSJ Зеленский Берлинда АҚШ президентининг махсус вакили Стив Уиткофф билан учрашувда Вашингтонга ўз позициясини шахсан баён қилиш имкониятига эга бўлишини таъкидлаган. Учрашув 14 декабр куни бўлиб ўтмоқда. Унда Германия, Франция ва Буюк Британия етакчилари ҳам иштирок этади.
Мавзуга оид
20:30 / 14.12.2025
АҚШ Киевнинг тинчлик режаси бўйича янги таклифларига жавоб қайтармади – Зеленский
14:06 / 13.12.2025
Москва Зеленскийнинг Донбасс бўйича референдум ўтказиш ғоясини рад этди
13:16 / 13.12.2025
Зеленский Берлинда ЕИдаги иттифоқчилар билан музокараларни давом эттиради
10:01 / 13.12.2025