Ўзбекистон | 22:01 / 15.12.2025
3087
6 дақиқада ўқилади

“Европа тажрибаси” — уй ва машина савдосидаги нақдсиз тартибга расмийлар изоҳи

Ўзбекистонда келаси йил 1 апрелдан нақд пулга уй-жой ва автомобил олди-сотдиси бекор қилинади. Савдо ва хизмат нуқталари учун ягона QR-код талаби ҳам жорий этилмоқда. Kun.uz бу янгиликларга оид саволлар билан Солиқ қўмитаси масъулларига мурожаат қилди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Суҳбатдошларимиз – Солиқ қўмитаси солиқ солиш бўйича маслаҳат бўлими бошлиғи Исматулла Севинчев ва қўмита матбуот хизмати раҳбари Тўра Тўраев бўлди.

Ўзбекистонда уй-жой ва машина олди-сотдисининг нақд пулда амалга оширилиши бекор қилиняпти. Бундан мақсад нима?

Исматулла Севинчев: Асосий мақсад – яширин иқтисодиётни қисқартириш. Ҳисоб-китоблар нақд пулда қилингани оқибатида, бу олди-бердилар мамлакатимизнинг ялпи ички маҳсулотида акс этмайди ва бундан давлатимиз бюджетига солиқлар келиб тушмайди. Яширин иқтисодиёт кўлами жуда юқорилигича қоляпти. Ҳозирда нақдсиз ҳисоб-китоблар улуши 63 фоиз бўлса, ана шуни 2030 йилгача 75 фоизга етказиш мақсад қилинган.

Масалан, ўша чет мамлакатларда ҳамма ҳисоб-китоблар нақдсиз амалга оширилгани сабабли ялпи ички маҳсулотда бориб кўринади, статистика ҳисоботларида кўринади, охир-оқибат товар айланмаси ошиб, давлат бюджетига маблағ келиб тушади. Бунинг оқибатида мамлакатнинг иқтисодий қудрати кучаяди, аҳолининг ижтимоий ҳимояси кўпаяди.

Уй-жой ва автомобил олди-сотдисидан ташқари, 2026 йил 1 апредан бошлаб барча давлат хизматлари учун тўловлар ҳамда электр энергияси, табиий газ ва ичимлик суви учун тўловлар ҳаммаси нақд пулсиз амалга оширилади. Алкогол ва тамаки маҳсулотлари, автомобилга ёқилғи қуйиш харидлари ҳам нақдсиз шаклда бўлиши керак. Шунингдек, 25 миллион сўмдан ошадиган товар ва хизматлар барчаси нақд пулсиз амалга оширилиши талаб этилади.

Масалан, шаҳар автобусларида нақд тўловлар бекор қилинганидан кейин, тушумлар бир неча баробарга ошгани кузатилди.

Фирибгарлик ҳолатлари авж олган вақтда, йирик маблағларни картада сақлаш масаласида хавотирлар учраб туради.

Тўра Тўраев: Кибержиноят ҳақиқатдан ҳам бор нарса. Адашмасам, Тошкент шаҳрининг ўзида 2023 йилда олтита йирик ҳолат аниқланган, жуда катта суммаларда. Бу борада биз ҳам бевосита, гарчи бу бизнинг функционал вазифамизга кирмаса ҳам, фуқароларимиз, бухгалтерлар учун семинарлар ўтказиб, уларга тегишли идора вакилларини таклиф қилиб, тушунтиряпмизки, сиз эҳтиёт бўлишингиз керак мана шу ҳисоб-китобни амалга ошираётганингизда ёки ҳисоботингизни топшираётганингизда. Пул билан ҳисоб-китоб қиладиган ходимларни қўлимиздан келганича огоҳлантиряпмиз: ҳисоботингизни мана шу дастур орқали топширишингиз керак ва ҳоказо дея.

Фуқаролар пластик картасидаги маблағнинг ўғирланишидан хавотирланиши табиий, лекин бунинг олдини олиш учун жуда кўп жойда айтилаётган оддий қоидаларга риоя қилиш лозим: SMS'даги кодни бировга айтмаслик, карта маълумотларини ошкор қилмаслик ва ҳоказо. Энди, кибержиноят бўлар экан, картамизда пул кўп экан деб, нақдсиз ҳисоб-китобни тўхтатиб турадиган бўлсак, у ҳам нотўғри бўлади. Лекин сиз айтган масалангиз жуда долзарб. Ҳар биримиз эҳтиёткорликни ўзимиздан бошлашимиз керак.

Уй-жой ва автомобил олди-сотдисининг нақдсиз шаклда бўлиши талаб этилиши билан, яширин иқтисодиёт қандай қилиб қисқаради? Масалан, унда ҳам қурувчи уй нархини камроқ қилиб кўрсатиши мумкин-да.

Исматулла Севинчев: Ҳеч кимга сир эмас, кўчмас мулкни сотиб олишда нотариусда битта сумма кўрсатилади, ҳақиқатда бошқа бўлади. Бундай ҳолатларни камайтириш учун халқимиз фаоллик кўрсатиши, қурувчининг ҳақиқий суммани кўрсатмаслик сўровини рад этиши керак. Агар эртага орасида низо келиб чиқса, суд орқали қайтариб оламан деса, у квадрат метри учун ҳақиқатда тўлаган 10 миллион эмас, ҳужжатда кўрсатилган 3 миллион сўмдан қайтариб олиши сабаб бўлади.

Чет элда, масалан, ҳар бир фуқаро жон куйдириб, солиқларни 50 фоизгача кўтарса ҳам, “мен қудратли давлатда яшаётганим учун тўлайман” дейди. Биздаги янги тартиботларда эса, фуқаролардан қўшимча солиқ талаб қилинмаяпти. Харид қиляптими, шуни нақд пулда эмас, пластик кўринишида тўлаш сўраляпти холос. Бу билан фуқаро ҳеч нарса йўқотмайди. Лекин охир-оқибатда бу давлатимизнинг иқтисодий қудратини кўтаришга олиб келади.

Тўра Тўраев: Энди барибир бу нарса кўпроқ мана шу ижтимоий фаоллигимизга боғлиқ-да ҳар биримизнинг. Тўғри айтасиз, мисол учун, иккита томон келишиб, у ерда 50 миллион кўрсатиб, аслида 100 миллионга сотиш ҳолатлари ҳам бўлмайди деб ҳеч ким кафолат бермайди. Лекин бунинг учун бугун ҳуқуқий асослар яратилди-да. Ана энди фуқароларимиз агар қанчалик ижтимоий фаол бўлиб, ўзининг ҳуқуқини талаб қиладиган бўлса, ўша қурувчи бўладими ёки машина сотувчиси бўладими, огоҳроқ бўлади, эҳтиёткорроқ бўлади.

Биз айтмаяпмиз эртага 100 фоиз ҳамма хуфиёна иқтисодиёт четланади деб. Бундай бўлиши мумкин эмас. Яширин иқтисодиёт ҳамма давлатда бор, ҳатто Америкада ҳам бор. Лекин қачонки ҳуқуқий асос яратиладиган бўлса, фуқарода ижтимоий фаолликка рағбат ва пойдевор пайдо бўлади.

Ўзи мана шу тизимни жорий қилишда қайси давлатлардан андоза олинган? Борми шунақа давлатлар?

Исматулла Севинчев: Албатта, Халқаро валюта жамғармаси ва Европа мутахассисларининг тавсиялари асосида ишлаб чиқилди бу тартиб. Бунда асосан Европа давлатларидан андоза олинган.

Тўра Тўраев: Узоққа бориш керак эмас, Қозоғистонда ҳам бугун мана шу йўлга ўтилган. Хуфиёна иқтисодиётнинг олдини олиш учун Қозоғистонда ҳам шундай тартиб жорий қилинган ва у ўзининг ижобий самарасини беряпти.

Тўлиқ суҳбатни Kun.uz'нинг YouTube каналида томоша қилинг.

Элёр Ҳошимов суҳбатлашди.

Муаллиф:  Kun.uz Admin

Мавзуга оид