Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Наркожиноятлар учун шартли озод қилиш тартиби чекланади
Ўзбекистонда гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний муомаласига қарши курашни кучайтириш мақсадида жавобгарлик чоралари янада қатъийлаштирилмоқда. Янги қонунга кўра, ўта оғир турдаги наркожиноятларни содир этган шахсларга нисбатан муддатидан илгари шартли озод қилиш тартиби қўлланмайди.
Фото: Олий Мажлис Сенати
Олий Мажлис Сенатининг 15-ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ёки уларнинг аналогларининг ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг қонунга хилоф муомаласи учун жавобгарликни такомиллаштиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, сўнгги йилларда дунёда синтетик наркотиклар тарқалиши ва наркомания хавфи кучайиб бораётгани соҳадаги қонунчиликни янада такомиллаштириш заруратини юзага келтирган.
Қонун билан Жиноят, Жиноят-процессуал ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Жумладан, нафақат гиёҳвандлик воситалари, балки кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний муомаласи учун ҳам жиноий жавобгарлик кучайтирилмоқда. Шунингдек, қонунчиликда илк бор ғайриқонуний нарколаборатория ташкил этганлик ва унинг фаолиятини таъминлаганлик учун алоҳида жавобгарлик белгиланмоқда.
Бундан ташқари, гиёҳвандлик воситаларини интернет орқали тарқатиш ва тарғиб қилиш оғирлаштирувчи ҳолат сифатида киритилмоқда. Таълим муассасалари, оромгоҳлар ва ётоқхоналар яқинида содир этилган наркожиноятлар учун эса жазо чоралари янада кучайтирилади.
Сенаторлар фикрича, мазкур қонун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолияти самарадорлигини ошириш, “наркотиклардан ҳоли муҳит” яратиш ҳамда ёшларни гиёҳвандлик балосидан асрашга хизмат қилади.
Муҳокама якунида сенаторлар қонунни маъқуллади.
Мавзуга оид
19:00 / 19.05.2026
Креатив иқтисодиёт учун солиқ имтиёзлари назарда тутилган қонун маъқулланди
21:53 / 18.05.2026
Сотувчи харидорнинг қонуний талабини бажармаса, электрон платформа зиммасига ҳам масъулият юкланади
22:23 / 14.05.2026
Осиё хотин-қизлар II форумида Бухоро декларацияси қабул қилинди
17:51 / 19.02.2026