Технология | 22:41 / 18.12.2025
4802
2 дақиқада ўқилади

Apple 2026 йилда iPhone Pro дизайнини тубдан ўзгартиради

Экранда фақат чап бурчакдаги олд камера қолади, Face ID ва бошқа сенсорлар эса дисплей остига ўтади.

Фото: Filip Vabroušek

The Information нашрининг янги ҳисоботига кўра, iPhone 18 Pro ва 18 Pro Мах олд панели 2022 йилда Dynamic Island’га эга iPhone 14 Pro тақдим этилганидан бери биринчи марта сезиларли даражада ўзгаради.

Таъкидланишича, Apple Face ID ва бошқа сенсорларни дисплей остига жойлаштиришни режалаштирмоқда, фақат олд камера учун кичик кесик қолдирмоқда. Уни юқори чап бурчакка силжитиш режалаштирилган.

Таърифланган ўзгаришлар натижасида iPhone 2026 Pro моделлари экраннинг юқори қисмида Dynamic Island технологияси ёрдамида амалга оширилган таблетка шаклидаги кесимга эга бўлмайди. Шу билан бирга, қурилмаларнинг умумий дизайни iPhone 17 Pro моделига яқин бўлиб қолади – корпус тубдан щзгармайди.

The Information манбалари ҳам камера ҳақидаги аввалги маълумотларни тасдиқламоқда - янги флагман iPhone’лар ўзгарувчан диафрагмали камерага эга бўлади. Бу матрицага тушадиган ёруғлик миқдорини худди профессионал фотоаппаратлардагидек бошқариш имконини беради.

iPhone 18 Pro ва 18 Pro 2026 йил сентябр ойида iPhone Fold ва iPhone Air 2 билан бирга чиқарилиши кутилмоқда. Асосий iPhone 18 эса, агар маълумот тасдиқланса, 2027 йил бошида iPhone 18e билан бирга пайдо бўлади.

Яқинда содир бўлган йирик сизиб чиқиш Apple’нинг 30 дан ортиқ янги қурилмалари ҳақида маълумот берди. Уларнинг баъзилари, жумладан AirTag 2, iPad ва ақлли уй маркази яқин ойларда чиқарилади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид