Жаҳон | 09:50
1676
3 дақиқада ўқилади

Bloomberg: АҚШ тинчликдан бош тортгани учун Россияга қарши санкциялар тайёрламоқда

Вашингтон Москва Украина билан янгиланган (қайта ишланган) тинчлик келишувини рад этган тақдирда, босимни кучайтириш ниятида. Bloomberg маълумотларига кўра, янги чоралар “соя флот” кемалари ва нефт трейдерларига таъсир қилиши мумкин.

Фото: Jim Watson/AFP

АҚШ Россиянинг энергетика секторига қарши янги санкциялар пакети жорий этиш имкониятини кўриб чиқмоқда — мақсад Москвага, агар у Украина билан қайта ишланган тинчлик келишувини рад этса, босимни кучайтириш. Бу ҳақда АҚШнинг Bloomberg агентлиги чоршанба, 17 декабр куни манбаларга таяниб хабар берди.

Манбаларнинг айтишича, Россиянинг “соя флоти” деб аталувчи кемаларига, шунингдек битимлар тузилишига кўмаклашувчи нефт трейдерларига нисбатан чекловлар муҳокама қилинмоқда. Bloomberg қайд этишича, АҚШ молия вазири Скотт Бессент ҳафтанинг бошида европалик элчилар гуруҳи билан учрашувда айнан шу режаларни муҳокама қилган.

Агентлик манбаларига кўра, АҚШ янги санкциялар пакетини жорий ҳафта тақдим этиши мумкин. Бироқ, уларнинг таъкидлашича, якуний қарор АҚШ президенти Доналд Трамп ихтиёрида қолади.

Шу орада, Украинанинг АҚШдаги элчиси Олга Стефанишина маълум қилишича, Республикачи ва Демократик партияларни ифодаловчи тўрт нафар америкалик сенатор Сенатга икки партия ҳамкорлигидаги (иккипартиявий) қонун лойиҳасини киритган. Лойиҳа Россия нефти ва нефт маҳсулотларини сотиб олиш ёки улар импортига кўмаклашиш учун санкциялар жорий этишни назарда тутади. Ҳужжат Decreasing Russian Oil Profits Act of 2025 (“РФнинг нефтдан тушадиган даромадларини камайтириш тўғрисидаги 2025 йилги қонун лойиҳаси”) деб номланган.

Стефанишина сўзларига кўра, агар мазкур қонун лойиҳаси қабул қилинса, АҚШ президенти 90 кун ичида Россия нефти импортига кўмаклашувчи шахслар ва компанияларга қарши санкциялар киритиши шарт бўлади. Санкциялар рўйхатини шакллантириш вазифаси АҚШ давлат котиби билан маслаҳатлашувлардан сўнг молия вазири зиммасига юкланади.

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Москва янги санкциялар ишлаб чиқиш режаларидан хабардор эканини айтди. “Вашингтондаги айрим кабинетларда шундай режалар борлиги — бу яхши маълум. Ҳар қандай санкциялар муносабатларни йўлга қўйиш ишига зарар етказади. Бу аниқ”, — деди Песков.

Октябр ойи охирида АҚШ Россиянинг энг йирик икки нефт компанияси — “Лукойл” ва “Роснефть”га нисбатан санкциялар жорий қилган. Бу Трампнинг иккинчи президентлик даврида Россияга қарши санкциялар киритилган илк ҳолат бўлди.

Bloomberg маълумотларига кўра, “Лукойл” санкциялар сабаб хорижий активлари учун харидор излашни давом эттирмоқда, уларнинг қиймати 20 млрд долларга баҳоланади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид