Жаҳон | 23:10 / 18.12.2025
1074
2 дақиқада ўқилади

Эстония Россия ҳарбийлари чегарани бузганини маълум қилди

Эстония расмийларига кўра, россиялик чегарачилар мамлакат ҳудудида жами 20 дақиқага яқин вақт бўлган, уларнинг мақсади номаълум.

Фото: PPA

17 декабр куни эрталаб уч нафар россиялик чегарачи шарқдан Эстония ҳудудига кирди, деб хабар берди Эстония ички ишлар вазири Игор Таро.

Унинг сўзларига кўра, воқеа Васкнарва қишлоғи ҳудудида содир бўлган. У ерда Нарва дарёси ўртасида тўлқинкесар бўлиб, унинг катта қисми Эстония ҳудудида, кичик қисми эса Россия ҳудудида жойлашган.

«17 декабр куни эрталаб соат 10 атрофида россиялик чегарачилар кемада тўлқинкесарга сузиб келди, қирғоққа тушди ва пиёда Россия-Эстония назорат чизиғини кесиб ўтди, шундан сўнг кемага қайтиб, Россия қирғоқларига сузиб кетди», дейилади хабарда.

Эстония расмийларига кўра, россиялик чегарачилар мамлакат ҳудудида жами 20 дақиқага яқин вақт бўлган. Уларнинг мақсади номаълум.

Эстония чегарачилари кузатув камералари орқали россияликларнинг ҳаракатланишини пайқаган ва бир нечта патрулни юборган, бироқ қоидабузарларни қўлга олишга улгурмаган. Тўлқинкесар текширилган.

«Бунда хавфсизликка бевосита таҳдид юзага келмади, бироқ Эстония чегара қўриқлаш бошқармаси ўз иштироки ва патрул хизматини сезиларли даражада кучайтирди», деди Таро. У содир бўлган воқеани Россия провокацияси деб ҳисоблаш мумкинми, деган саволга аниқ жавоб қайтармади.

18 декабр куни Эстония чегарачилари Россия чегара хизмати вакиллари билан воқеа юзасидан учрашув ўтказди. Россия чегарачилари чегарани ноқонуний кесиб ўтганини тан олмади. Ўз навбатида, Эстония Ташқи ишлар вазирлиги норозилик нотасини топшириш учун Россия Федерациясининг муваққат ишлар вакилини чақирди.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид