Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Мерц: ЕИ саммитида Россияга “аниқ сигнал” юбориш керак
Фридрих Мерц ЕИ саммити арафасида яна бир бор Украинага ёрдам бериш учун музлатилган Россия активларидан фойдаланишга чақирди. Германия канцлери таъкидлашича, мақсад урушни чўзиш эмас, уни тезроқ якунлашдир.
Фото: Halil Sagirkaya/Anadolu/picture alliance
Германия Федерал канцлери Фридрих Мерц 18 декабр куни Брюсселда очиладиган Европа Иттифоқи саммитида ЕИ ҳудудида музлатилган Россия активларидан Украинани қўллаб-қувватлаш учун фойдаланиш ҳақида қарор қабул қилишга қатъий чақирди. Мерцнинг айтишича, бу қадам Россия учун “аниқ сигнал” бўлади — ҳарбий тажовузни давом эттиришнинг маъноси йўқ. Бу ҳақда у чоршанба, 17 декабр куни Бундестагда ҳукумат баёноти билан чиқиш қилар экан, маълум қилди.
Мерц таъкидлашича, Россия активлари Украинага яна икки йил давомида ҳарбий ёрдам кўрсатишни таъминлаши мумкин. Шу билан бирга, у бундай қарор “жуда катта оқибатларга эга” эканини қайд этди. “Гап — Европа хавфсизлиги ва суверенитетидан бошқа ҳеч нарса ҳақида эмас”, — деди немис ҳукумат раҳбари. Мерц эслатишича, мақсад урушни чўзиш эмас, балки уни имкони борича тезроқ якунлашдир. Унинг қўшимча қилишича, Европа комиссиясининг Россия активлари бўйича таклифи халқаро ҳуқуқ ва халқаро мажбуриятларга тўлиқ мос келади.
18–19 декабр кунлари бўлиб ўтадиган ЕИ саммитида Иттифоққа аъзо 27 давлатнинг раҳбарлари Белгияда блокланган Россия Марказий банки активлари — тахминан 185 млрд евро билан қандай йўл тутиш масаласини ҳал қилишни режалаштирмоқда. Мерц бу чоранинг асосий тарафдорларидан бири ҳисобланади. Бироқ айрим давлатлар, жумладан Белгия ва Италия, унинг ҳуқуқий ва сиёсий оқибатлари бўйича жиддий хавотир билдираётгани айтилмоқда.
Саммит иштирокчилари, шунингдек, Европа комиссияси таклиф қилган Киевни кредитлашнинг мураккаб схемасини муҳокама қилади. Унга кўра, Украинага “репарацион кредит” беришда музлатилган Россия активларидан фойдаланилади ҳамда ЕИ давлатлари миллий кафолатлар тақдим этади. Маблағларни Россияга қайтариш фақат уруш тугагач, Россия Украинага репарациялар тўлаган тақдирдагина мумкин бўлиши қайд этилади.
Европа Иттифоқи Кенгаши 12 декабр куни музлатилган активлардан тушган маблағларни Россияга қайта ўтказишни вақтинча тақиқлади. Тақиқ Россиянинг уруш билан боғлиқ ҳаракатлари оқибатида ЕИда “иқтисодий вазият янада жиддий ёмонлашиб кетиши хатарлари сақланиб турган” давр мобайнида амал қилиши айтилган. Ўша куни РФ Марказий банки Euroclear’га қарши Москва судига даъво аризаси киритган.
Аввалроқ Германия ва ЕИнинг бошқа бир қатор давлатлари кўпчилик овоз билан Россиянинг ЕИда музлатилган маблағларини қайтаришга муддатсиз тақиқ жорий этишга қарор қилган эди. Бу қадам ЕИ мамлакатларига активларни музлатиш масаласини ҳар ярим йилда қайта овозга қўймаслик имконини беради — бундай амалиёт шу пайтгача давом этиб келган.