Жаҳон | 16:35 / 18.12.2025
2402
3 дақиқада ўқилади

Россия Мудофаа вазирлиги: 2025 йилда Украинадаги урушга 11 трлн рубл сарфланади

Россия Мудофаа вазирлиги илк бор Украинадаги уруш харажатлари билан бевосита боғлиқ сарф-харажатлар миқдорини ошкор қилди. Бу йил у ЯИМнинг 5,1 фоизига етган.

Фото: AP

Россия давлат бюджети ҳисобидан Украинага қарши уруш олиб бориш билан бевосита боғлиқ харажатлар 2025 йилда ЯИМнинг 5,1 фоизини ташкил этади. Бу ҳақда мустақил журналист Фарида Рустамова юритадиган Faridaily Telegram-канали РФ мудофаа вазири Андрей Белоусов вазирлик коллегиясидаги тақдимот чоғида ошкор қилинган маълумотларга таяниб хабар қилди.

Шу маълумотларга кўра, РФ Иқтисодий ривожланиш вазирлиги 2025 йилда мамлакат ЯИМ 217,3 трлн рублга етишини тахмин қилмоқда. Шу асосда, Faridaily ёзишича, Россиянинг урушга кетадиган харажатларини 11,1 трлн рубл деб баҳолаш мумкин. Канал таъкидлашича, Мудофаа вазирлиги Кремлнинг Украинадаги урушга кетадиган тўғридан тўғри сарф-харажатлари миқдорини биринчи марта ошкор этган.

Аввалроқ фақат федерал бюджетдаги “Миллий мудофаа” банди бўйича умумий харажатлар маълум эди. 2025 йилда улар 13,5 трлн рублни ташкил этди ва, жумладан, янги қурол-яроғ ишлаб чиқиш, қурилиш ва бошқа йўналишларга сарфларни ҳам ўз ичига олади. Faridaily қайд этишича, бу сумманинг тахминан 82 фоизи бевосита Украина билан урушга йўналтирилади. Шу билан бирга, 2025 йилда бюджетнинг “Ижтимоий сиёсат” банди бўйича харажатлари 6,88 трлн рублни ташкил этган.

2022 йилда Украинага тўлиқ кўламли бостириб кириш бошланганидан бери уруш Россия солиқ тўловчиларига жами 42,343 трлн рубл ёки 542 млрд долларга тушган, деб ҳисоблаб чиққан Берлиндаги Фан ва сиёсат жамғармаси (SWP) илмий ходими Янис Клуге. Клугенинг ҳисоб-китобларига кўра (улар мудофаа вазири тақдим этган маълумотлардан фарқ қилади), РФ федерал бюджети бўйича ҳарбий бандларга кетган харажатлар 2025 йилнинг январ–сентябр ойларида рекорд кўрсаткичга — 11,854 трлн рублга етган. Немис тадқиқотчиси фикрича, шу даврда Россиянинг ҳарбий харажатлари ойига 1,32 трлн рубл, яъни суткасига 43,4 млрд рубл, ёки соатига 1,9 млрд рубл бўлган.

Аввалроқ Reuters агентлиги манбалари ҳатто муваффақиятли тинчлик келишувлари тузилган тақдирда ҳам Россия қуролланишга кетадиган харажатларни қисқартиришни режалаштирмаётганини билдирган эди. “Снарядлар ва учувчисиз аппаратларни барибир ишлаб чиқариш керак бўлади, гарчи бироз камроқ миқёсда бўлса-да. Қаршилик сақланиб қолади, армия ҳам, қуролланиш харажатлари ҳам каттароқ бўлади, чунки Ғарб ҳам уларни оширяпти”, — деди Reuters’га манбалардан бири. Унинг сўзларига кўра, ҳарбий харажатларни камайтириш 2027 йилдан олдин эҳтимолдан йироқ, аммо “2022 йилгача бўлган даражаларга” қайтиши ҳам қийин.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид