Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ғазодаги бошпанага ҳужум қилган Исроил, Россия танкерини сафдан чиқарган Украина ва ИШИД объектларига зарба берган АҚШ – кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.
Исроил Ғазодаги мактаб-бошпанага ҳужум қилди
Исроил кучлари Ғазодаги Ал-Туффаҳ маҳалласида кўчирилганлар яшаётган мактабга зарба берди, оқибатда беш нафар фаластинлик ҳалок бўлди. Бу ҳақда жума куни «Al-Shifa» шифохонаси раҳбари Муҳаммад Абу Селмия Reutersʼга маълум қилган.
Фаластин фавқулодда хизматларига кўра, ҳалок бўлганларнинг аксарияти болалар бўлган. Шунингдек, бир қанча жароҳатланганлар даволаниш учун шифохоналарга етказилган.
Исроил Мудофаа Кучлари «сулҳ чизиғидан ташқарида жойлашган тузилмаларда «шубҳали шахслар» аниқлангани ва уларга қарата ўқ узилганини» маълум қилди.
Ҳамас эса ҳужумни «ваҳший жиноят» деб атаб, уни ўт очишни тўхтатиш келишувининг навбатдаги бузилиши сифатида баҳолади.
Ғазо соғлиқни сақлаш идораларига кўра, октябр ойида сулҳ бошланганидан бери Исроил ҳужумлари оқибатида ҳалок бўлган фаластинликлар сони 400 нафарга етган.
БМТ бош котиби Антониу Гутерришнинг айтишича, Ғазода очарчиликнинг олди олинган, бироқ ҳуманитар вазият ниҳоятда беқарор. Ғазода аҳолининг 75 фоизидан ортиғи, яъни 1,6 миллион киши — «ўта кескин озиқ-овқат танқислиги ва оғир даражадаги тўйиб овқатланмаслик хавфи»га дуч келиши кутилмоқда.
Гутерриш яна бир бор «ўт очишни барқарор тўхтатиш», кўпроқ ўтиш пунктларини очиш ва муҳим товарларга қўйилган чекловларни бекор қилишга чақирди.
АҚШ ИШИД нишонларига зарба берди
19 декабр куни АҚШ ҳарбийлари Сурияда жойлашган ИШИДга алоқадор ўнлаб нишонларга қарши кенг кўламли зарбалар берди. Расмийларга кўра, бу — бир неча кун аввал ИШИДнинг америкалик ҳарбийларга қилган ҳужумига жавобан амалга оширилган.
АҚШ мудофаа вазири Пит Ҳегсет «Бу урушнинг бошланиши эмас — бу қасос эълонидир», деди. Доналд Трамп эса Сурия ҳукумати зарбаларни тўлиқ қўллаб-қувватлаганини ва АҚШ «жуда жиддий жавоб зарбалари» бераётганини ёзди.
«Биз Суриядаги ИШИД безориларини урдик… Бу жуда муваффақиятли бўлди», деди Трамп.
АҚШ Марказий қўмондонлигининг маълум қилишича, зарбалар Суриянинг марказий ҳудудларидаги 70 дан ортиқ нишонни урган. Амалиётни Иордания қирувчи самолётлари қўллаб-қувватлаган. АҚШ ҳарбийлари ҳужум — F-15 ва A-10 самолётлари, шунингдек, «APACHE» вертолётлари ва HIMARS ракета тизимлари ёрдамида амалга оширилганини айтди.
Сурия Ташқи ишлар вазирлиги баёнотига кўра, мамлакат ИШИДга қарши кураш ва унинг «Сурия ҳудудида ҳеч қандай бошпанага эга бўлмаслигини» таъминлашга қатъий содиқ.
Сўнгги ойларда АҚШ етакчилигидаги коалициянинг ИШИДга қарши ҳаво зарбалари ва қуруқликдаги амалиётларида Сурия хавфсизлик кучлари ҳам иштирок этмоқда. Ҳозирда Сурияда тахминан 1 000 нафар АҚШ ҳарбийси қолмоқда.
Украина Ўртаер денгизидаги Россия танкерига зарба берди
Жума куни Украина илк бор Ўртаер денгизида Россиянинг «соя флоти»га мансуб нефт танкерига ҳаво дронлари ёрдамида зарба берди.
«Қендил» номли танкер Украина ҳудудидан 2 минг километрдан ортиқ масофада, бетараф сувлар ҳудудида урилган. Украина Хавфсизлик хизмати зарба вақтида кема бўш бўлгани ва жиддий шикастланганини билдирди. «MarineTraffic» маълумотларига кўра, танкер Ливия қирғоқлари яқинида жойлашган бўлган.
Reuters’га тақдим қилинган, юқоридан олинган видеотасвирларда танкер палубасида кичик портлаш акс этгани кўринади. Украиналик расмий – дронлар кемага қандай етиб боргани ҳақида тафсилот бермади, бироқ амалиёт «кўп босқичли» чораларни ўз ичига олганини айтди.
Украина охирги икки йил давомида Россия нефтни қайта ишлаш заводларига зарбалар бериб келмоқда, бироқ сўнгги ҳафталарда бу кампаниясини сезиларли даражада кенгайтирди: Каспий денгизидаги нефт платформаларига ҳужумлар уюштирди ва Қора денгизда учта танкерга денгиз дронлари билан ҳужум қилди.
Расмий Москва сўнгги ҳужум юзасидан ҳозирча изоҳ бермади.
Тайван метросида ҳужум: 3 киши ҳалок бўлди
Жума куни Тайван пойтахтидаги метро бекатида содир этилган ҳужум оқибатида камида уч киши ҳалок бўлди, беш киши жароҳат олди.
Ҳозирча маълум бўлган тафсилотларга кўра, ниқоб таққан шахс Тайпей марказий метро бекатида тутунли гранаталарни улоқтирган. Шундан кейин гумонланувчи метрода бир бекатни босиб ўтган. У яна бекатдан чиқиб бир нечта тутунли гранаталар ташлаган. Шунингдек, у ташқарида пичоқ билан пиёдаларга ҳужум қилган, сўнгра бир дўконга югуриб кирган.
Ҳужумни содир этган шахс тахминан йигирма ёшлардаги эркак — ҳужумдан кейин яқин атрофдаги бинодан сакраб, ҳалок бўлган. Шу билан ҳалок бўлганлар сони тўрт нафарга етди.
Полиция маълумотига кўра, айрим шахслар нафақат пичоқ зарбаларидан, балки тутунли гранаталар таъсирида ҳам жароҳат олган.
Тайван бош вазири Чо Жунг ҳужумларни «атайлаб амалга оширилган ҳаракат» деб атади, унинг мотиви номаълум. Полиция мамлакат бўйлаб темирйўл ҳамда метро бекатларида хавфсизлик чоралари кучайтирилганини билдирди.
Европа фермерлари намойишлар ўтказмоқда
Европа давлатлари ўртасидаги кескин музокаралардан сўнг Европа Комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен баҳсли «Mercosur келишуви»ни имзолашни январ ойига қолдирди.
Аган «Mercosur келишуви» имзоланса, у Аргентина, Бразилия, Парагвай ва Уругвай билан божхона тўловларини қисқартириш ҳажми бўйича Евроиттифоқ тарихидаги энг йирик келишув бўлади.
18 декабр куни Брюсселдаги йиғилишда Италия бош вазири Жоржия Мелони қўшимча вақт сўраганидан сўнг Еврокомиссия савдо келишувини имзолашни кечиктирди. Ҳозирча аниқ сана белгиланмаган.
Битим Европа ҳукуматлари томонидан маъқулланиши керак бўлиб, бунинг учун Иттифоқ аҳолисининг 65 фоизини ифодаловчи камида 15 давлат розилиги талаб этилади. Полша ва Венгрия келишувга қарши, Франция ва Италия эса мол гўшти, шакар, парранда гўшти ва бошқа маҳсулотлар импорти кўпайишидан хавотирда.
Битим тарафдорлари бўлган Германия, Испания ва Скандинавия давлатлари бу битим АҚШ ва Хитойга қарши жавоб чоралари эканини айтмоқда.
Бироқ европалик фермерлар Лотин Америкасидан келадиган арзон маҳсулотлар маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга зарар етказишидан ҳамда адолатсиз рақобатга олиб келишидан хавотирланмоқда. Бунинг ортидан Брюсселда минглаб тракторлар иштирокида фермерлар намойишлари бўлиб ўтмоқда.
Мавзуга оид
20:59 / 19.12.2025
2026 йилги солиқ ставкалари ва ҳудудларда электр таъминотидаги узилишлар – маҳаллий дайжест
21:52 / 17.12.2025
Тошкентда янги «сити»лар ва XCM молиявий пирамидасининг қулаши – маҳаллий дайжест
21:26 / 16.12.2025
Тошкентда йирик иссиқлик таъминоти маркази ва қўқонлик табибнинг судга берилиши – маҳаллий дайжест
21:30 / 15.12.2025