Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
ГФР разведкасига диверсиялар ва жавоб киберҳужумларига рухсат берилиши мумкин
Германия канцлери идораси немис ташқи разведкаси ваколатларини кенгайтиришга қаратилган қонун лойиҳасини тайёрлади. Ислоҳот BND’ни диверсиялар уюштириш ва киберҳужумларга жавоб қайтаришга қодир махсус хизматга айлантириши мумкин.
Фото: Imago
Германия Федерал разведка хизмати (BND — ташқи разведка) янада кенг ваколатларга эга бўлиши мумкин — бу ваколатлар, жумладан, унинг ходимларига хорижда диверсиялар уюштириш имконини ҳам беради. Бу Германия федерал канцлери идораси томонидан тайёрланган қонун лойиҳаси қоралама нусхасидан келиб чиқади. У 18 декабр, пайшанба куни WDR ва NDR телеканаллари ҳамда Süddeutsche Zeitung газетаси томонидан эълон қилинди.
Журналистлар ёзишича, янги ваколатлар BND’га Германия инфратузилмасига қарши хориждан уюштирилган ҳакерлик ҳужумларига жавоб қайтариш, сунъий интеллект ёрдамида катта ҳажмдаги маълумотларни қайта ишлаш ва юзни таниш технологияларидан фойдаланиш имконини беради. Қонун лойиҳасида, шунингдек, BND агентлари суд қарорисиз квартираларга кириши ва уларга кузатув учун махсус техника ўрнатиши мумкинлиги ҳам назарда тутилган.
Бундай кенг ваколатлар BND’га фақат истисно ҳолатларда берилиши кўзда тутилмоқда. Масалан, Германияда ёки иттифоқчи давлатда хавфсизлик ва тартиб тўғридан тўғри таҳдид остида қолса, деб кўрсатилган қонун лойиҳасида.
Süddeutsche Zeitung қайд этишича, янги ваколатлар немис разведкасининг табиатини тамоман ўзгартириб юбориши мумкин. Ҳозирги пайтда BND асосан разведкавий фаолият — маълумот тўплаш ва таҳлил қилиш билан шуғулланади. Янги ваколатлар эса BND’ни махсус операциялар ўтказа оладиган тўлиқ қудратли махсус хизматга айлантиради.
Германия федерал ҳукумати BND’ни ислоҳ қилишни истайди — мақсад немис разведкасини рақобатбардошроқ қилиш. Қонунчиликда мустаҳкамланган тегишли ваколатлар йўқлиги сабаб, BND доим бошқа мамлакатлар махсус хизматларидаги ҳамкасбларига мурожаат қилишга мажбур бўлиб келган. Хусусан, Германия ҳудудида террорчилик ҳужумларининг олдини олиш учун.
2024 йил кузида Бундестагда чиқиш қилган ўша пайтдаги BND раҳбари Бруно Кал Федерал конституцияни ҳимоя қилиш идораси (BfV) ва Ҳарбий разведка хизмати (MAD) раҳбарлари билан бирга ГФР парламенти депутатларидан кўпроқ ваколат сўраган эди. Россия томонидан келаётган таҳдидлар ва халқаро терроризм фонида немис махсус хизматларига “манёвр қилиш учун кўпроқ оператив имконият” керак, деган эди ўшанда Кал.
Мавзуга оид
10:43
ГФР ТИВ раҳбари Берлинда Колесникова ва Бабарикони қабул қилди
21:44 / 19.12.2025
Вайроналардан тикланган ГЕРМАНИЯ | SUBYEKTIV (1-қисм)
13:46 / 19.12.2025
Германия 535 нафар афғонистонликни қабул қилади
15:05 / 17.12.2025