Жамият | 20:53 / 21.12.2025
3266
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда электр тармоғидаги носозлик сабабли 3000 истеъмолчи электрсиз қолди

21 декабр куни яна бошқа қатор ҳудудларда электр таъминотида узилишлар кузатилди.

Фото: Kun.uz 

Соат 20:06 да Қашқадарё вилоятида 110 кВ «Л-Ҳисорак-2» электр узатиш тармоғида носозлик юз бериши оқибатида Шаҳрисабз ва Китоб туманлари истеъмолчилари қисман (3000 та) электр таъминотидан узилган. Бу ҳақда энергетика вазирининг матбуот котиби Дилдора Ҳошимова ўз Telegram-каналида хабар берди.

Маълумот берилишича, ҳозирда носозликни бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда.

21 декабр куни шунингдек, бошқа қатор ҳудудларда ҳам электр таъминотида узилишлар кузатилди.

Жумладан, Андижон вилоятида ноқулай об-ҳаво таъсирида (ёмғир ва қор) 6-10 кВли 12 та тармоқ авариявий ўчган ва вилоятнинг айрим ҳудудларида 5000 дан ортиқ истеъмолчи электр таъминотидан узилган.

Жиззах вилоятида ҳам 6-10 кВли 7 та тармоқ худди шундай сабаб билан авариявий ўчган. Оқибатда вилоятнинг айрим ҳудудларида 2300 та истеъмолчи электр таъминотидан узилган.

Сурхондарё вилоятидаги 35 кВли «Л-ДТБМ» электр узатиш тармоғида носозлик юз бериши оқибатида Денов туманидаги 800 та истеъмолчи электрсиз қолган.

Тошкент шаҳридаги «Юксак» подстанциясидан чиқувчи 35 кВли «Л-4-Ю» тармоғида носозлик юзага келиши натижасида Чилонзор ва Яккасарой туманларидаги 1800 та хонадоннинг электр таъминотида қисқа муддатли узилиш кузатилган.

Дилшодбек Асқаров
Тайёрлаган Дилшодбек Асқаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид