Ўзбекистон | 19:13
993
4 дақиқада ўқилади

“2025 йилда хизмат вазифасини бажариш чоғида 6 нафар ходим вафот этди, 131 нафари жароҳатланди” – ИИВ

Вазирликка кўра, жамоат хавфсизлигини таъминлаш учун республика бўйича ҳар куни 4 617 нафар ИИО ходими 3 мингдан ортиқ патруллик йўналишларида хизмат олиб борган. Амалга оширилган ишлар натижасида жорий йилда 3 503 та маҳаллада бирорта ҳам жиноят содир этилмаган. ИИВнинг янги амалиётига кўра, эндиликда ИИО ходимларининг ноўрин хатти-ҳаракатларидан норозилик мазмунида келиб тушган ҳар бир мурожаат “фавқулодда ҳолат” деб ҳисобланади.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистонда 2025 йилда оғир турдаги жиноятлар камайди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги томонидан ўтказилган матбуот анжуманида айтиб ўтилди.

Маълум қилинишича, жорий йилнинг ўтган қисмида республикада қотиллик, қасддан баданга оғир шикаст етказиш, ўғрилик, талончилик, босқинчилик, фирибгарлик, безорилик каби жиноятлар ўтган йилга нисбатан камайган. Номусга тегиш жинояти эса 6 фоизга ошган.

Сўнгги 5 йилда республика бўйича 49 898 та наркожиноят аниқланиб, 10,5 тоннадан ортиқ гиёҳванд моддалари олинган. Таҳлил қилиб кўрилганда, бу турдаги жиноятларнинг йилдан йилга кўпайиш тенденцияси кузатилган. Масалан, 2021-2024 йилларда синтетик гиёҳванд воситаларини қўлбола усулда ишлаб чиқарувчи 11 та нарколаборатория аниқланган бўлса, жорий йилнинг 11 ойида 13 та нарколаборатория фош этилган. Сўнгги 5 йилда ноқонуний муомаладан олинган синтетик гиёҳванд воситалари миқдори 20 бараварга, кучли таъсир қилувчи дори воситалари 9 бараварга, героин, опий, гашиш каби оғир турдаги гиёҳванд воситаларининг ноқонуний айланмаси 3 бараварга ошган.

Қайд этилишича, сўнгги 5 йилда республика бўйича 1 068 та уюшган гуруҳ таркибидаги 4 217 нафар шахс томонидан 5 358 та жиноят содир этилгани аниқланиб, уларнинг фаолиятига чек қўйилган. Уюшган гуруҳларнинг 71 таси давлатлараро, 240 таси вилоятлараро ҳамда 344 таси вилоят ҳудудида ҳамда 413 таси туман миқёсида фаолият юритган. Уларнинг 351 таси мулкий, 209 таси иқтисодий, 63 таси жамоат тартибига, 31 таси шахснинг ҳаёти ва соғлиғига қарши, 23 таси коррупциявий, 22 таси мансабдорлик, 21 таси гиёҳвандлик, 15 таси одам савдоси, 12 таси терроризм билан шуғулланиб келган.

2025 йилда ички ишлар тизимида ўз хизмат вазифасини адо этиш чоғида 6 нафар ходим вафот этган, 131 нафари жароҳат олган.

Матбуот анжуманида вазирлик томонидан фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқишнинг янги амалиёти йўлга қўйилгани ҳам айтиб ўтилди.

Унга кўра:

  • ички ишлар органлари ходимларининг ноўрин хатти-ҳаракатлари норозилик мазмунида келиб тушган ҳар бир мурожаат “фавқулодда ҳолат” деб ҳисобланади;
  • ички ишлар органлари ходимларининг ноўрин хатти-ҳаракатлари бўйича ҳар қандай шаклда қилинган мурожаат қатъий қоида тариқасида 10 дақиқа ичида туман-шаҳар ИИБ бошлиғининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари ҳамда Шахсий хавфсизлик бўлинмаларига етказилади;
  • туман-шаҳар ИИБ бошлиғи ўринбосари ҳамда Шахсий хавфсизлик бўлинмалари ходимлари дастлаб мурожаат муаллифи билан 10 дақиқа ичида телефон орқали боғланади, сўнг жойига чиққан ҳолда мурожаатчи билан шахсан учрашиб, 3 соат ичида унинг мурожаатини ўрганиб, ҳолатга аниқлик киритади;
  • шундан сўнг ўзининг бевосита раҳбарига ахборот беради ҳамда мурожаатни ижобий ҳал қилиш чорасини кўради;
  • ходимлар томонидан қонунчилик ва хизмат интизомини бузиш ҳолати аниқланган тақдирда, 5 кун муддатда хизмат текшируви ўтказиб, айбдор ходимни ички ишлар органлари хизматидан бўшатишгача бўлган интизомий таъсир чораси кўрилади;
  • қонунчилик ва хизмат интизоми бузган ходимнинг бевосита раҳбари (ёш ходим бўлса, унга бириктирилган мураббий ҳам) ўз вақтида назорат қилмаганлиги учун унинг хатти-ҳаракатларига ҳам баҳо берилиб, интизомий жавобгарлик масаласи кўриб чиқилади.

Қўшимча қилинишича, ходимларнинг қонунчилик ва хизмат интизомига риоя қилишлари устидан кунлик назорат вилоят ИИБ бошлиғининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари ҳамда Шахсий хавфсизлик бошқармаси раҳбари зиммасига юклатилган.

Тайёрлаган:  Руслан Сабуров

Мавзуга оид