Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Абдулазиз Оққулов туризм қўмитасига қайтди
Қўмитага 2023 йилдан буён раҳбарлик қилган Умид Шодиев бошқа ишга ўтказилган.
Абдулазиз Ўролбоевич Оққулов Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитаси раиси лавозимига тайинланди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар бермоқда.
Шунингдек, Умид Рустамович Шодиев бошқа ишга ўтиши муносабати билан мазкур қўмита раиси лавозимидан озод этилган.
Абдулазиз Оққулов 1985 йилда Жиззах вилоятида туғилган. 2007 йилда Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг магистратура босқичини тамомлаган. Меҳнат фаолиятини 2005 йилда «Ўзстандарт» агентлигида мутахассис лавозимидан бошлаган. 2006–2017 йилларда «Ўзбектуризм» миллий компаниясида турли лавозимларда ишлаган.
2017–2018 йилларда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Ахборот-таҳлил бошқармаси бошлиғи, 2018 йилда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси ўринбосари, 2018–2020 йилларда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси вазифасини вақтинча бажарувчиси, 2020–2022 йилларда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари (кейинроқ Туризм ва спорт вазири ўринбосари) лавозимларида фаолият юритган.
2022 йил апрелидент буён Ўзбекистоннинг БААдаги фавқулодда ва мухтор элчиси лавозимида ишлаётганди.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йил июлида Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузурида Туризм қўмитаси ташкил этилган ва Умид Шодиев қўмита раиси этиб тайинланганди. Унинг кейинги лавозими ҳақида ҳозирча маълумот йўқ.