Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
РФда Путин фигуралари сабаб ҳайкалтарош Тилли иши бўйича суд белгиланди
Россия адлия тизими Владимир Путин тасвирланган карнавал фигуралари иши бўйича биринчи суд мажлисини белгилади. Немис ҳайкалтароши Жак Тилли РФ армиясини обрўсизлантиришда айбланмоқда.
Фото: Hans-Juergen Bauer/epd
Россия адлия органлари немис ҳайкалтароши Жак Тиллига қарши жиноят иши бўйича биринчи очиқ суд мажлисини тайинлади. Сабаб — унга тегишли, Россия президенти Владимир Путин тасвирланган карнавал платформалари (йирик кўчма композициялар). Москва судида 24 декабр, чоршанба куни маълум қилинишича, иш бўйича асосий кўриб чиқиш сешанба, 30 декабр куни, Москва вақти билан соат 9:30 да бошланади. Мажлис айбланувчи иштирокисиз ўтказилади.
Тиллига Россия армиясини обрўсизлантириш айби қўйилган. Россия қонунчилигига кўра, бу учун жарима ёки 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган. Иш 15 декабр куни судга юборилган, дастлабки ёпиқ мажлис эса 24 декабр тонгида бўлиб ўтган. Суд тафсилотларни ошкор қилмаяпти.
Бундай айбловлардан сўнг Россияда Украинага қарши бошланган урушга қарши чиққан кўплаб инсонлар аллақачон озодликдан маҳрум этилган. Бу қарорлар халқаро танқидга учраб, ноҳақ ҳукмлар сифатида баҳоланиб келинмоқда.
Айблов версиясига кўра, ҳайкалтарош Россия армияси ҳақида “фейклар” тарқатган, чунки унинг ишлари гўёки Путинни Украинага қарши урушда олий бош қўмондон сифатида ҳақорат қилади. Бу ҳақда аввалроқ “Осторожно, новости” ресурси хабар берган эди. Тергов эса Тиллининг ҳаракатлари сиёсий нафрат билан рағбатлантирилганини иддао қилади.
Тиллининг ўзи ишни кулгили деб атаган. DW’га берган интервюсида у шундай деган: “Мен ҳайрон бўлдим ва аввал ишона олмадим. Бу ҳазил деб ўйладим, аммо, ҳақиқат шекилли. Россияда, Москвада, сатирани, эҳтимол, жуда-жуда жиддий қабул қилишади”.
Жак Тилли — немис ҳайкалтароши ва Дюсселдорфдаги “қизил душанба” деб аталадиган карнавал юриши учун тайёрланадиган сатирик карнавал платформалари муаллифи. Унинг ишлари мунтазам равишда халқаро эътиборни жалб қилади, Путинга бағишланган фигуралар эса бир неча бор Германия ва жаҳон ОАВ муқоваларида чоп этилган.
Мавзуга оид
12:16
Ҳиндистон нефт компанияси РФ нефтини харид қилишни қайта тиклади
11:48
РФнинг Запорижжяга зарбалари: турар жойлар шикастланди, яраланганлар бор
09:13
Зеленский: Россия Хитой сунъий йўлдошлари маълумотидан фойдаланган бўлиши мумкин
09:12