Жаҳон | 09:08
1418
2 дақиқада ўқилади

Украина футбол ассоциацияси собиқ раҳбари қидирувга берилди

Украина ИИВ Украина футбол ассоциацияси (УФА)нинг собиқ президенти Андрей Павелкони маблағларни талон-торож қилганликда гумон қилиниб қидирувга берди. Бу ҳақдаги маълумот идоранинг расмий сайтида жойлаштирилган.

Фото: AP

Украина футбол ассоциацияси (УФА)нинг собиқ раҳбари Андрей Павелко мамлакатдан чиқиб кетганидан кейин расман қидирувга берилди. Киевдаги Ички ишлар вазирлиги уни 25 декабр, пайшанба куни кечқурун терговдан қочиб юрган шахслар рўйхатига киритган.

ИИВ маълумотларига кўра, Павелко “йўқолган сана” сифатида 2025 йил 5 ноябр кўрсатилган. Унга Украина Жиноят кодексининг 191-моддаси 5-қисми (ваколатларни суиистеъмол қилган ҳолда мулкни ўзлаштириш ёки исроф қилиш), шунингдек 366-модда 1-қисми (хизмат ҳужжатларини сохталаштириш) бўйича айблов қўйилмоқда.

Павелко 2015 йил март ойидан 2024 йил январ ойигача — аввал Украина футбол федерацияси, кейин эса у қайта номлангач Украина футбол ассоциациясига раҳбарлик қилган.

Украинада уруш бошланганидан кейин, 2022 йил ноябридан бери у футбол майдонлари учун сунъий қоплама ишлаб чиқарадиган завод қурилиши доирасида маблағлар талон-торож қилингани ҳақидаги жиноят ишида фигурант сифатида ўтиб келмоқда.

Тергов маълумотларига кўра, УФА мансабдор шахслари ускуналар хариди жараёнида 26,5 миллион гривна (тахминан 600 минг евро) маблағни ўзлаштирган. Айбловлар футбол ассоциациясининг собиқ бош котиби Юрий Записоцкийга ҳам қўйилган.

Павелко 2023 йил июн ойидан 2024 йил феврал ойигача қамоқда сақланган, аммо тергов изоляторидан чиққач, Украина ҳудудини тарк этишга муваффақ бўлган. Унинг қандай чиқиб кетгани ва ҳозир қаерда экани ҳақида тафсилотлар келтирилмаган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид