Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Путин РФда қурол-яроғ ишлаб чиқариш бир неча баробар ўсганини айтди
РФ президенти 2022 йилдан бери энг кўп талаб қилинаётган ҳарбий маҳсулотлар ишлаб чиқариши анча ошганини маълум қилди. Унинг айтишича, ўқ-дорилар етказиб бериш ҳажми 22 мартадан ҳам кўпроққа кўпайган.
Фото: Sergei Malgavko/TASS/IMAGO
Россияда 2022 йилдан бери айниқса талаб юқори бўлган қурол-яроғ ва ҳарбий техника намуналарини ишлаб чиқариш бир неча баробар ошган, деди РФ президенти Владимир Путин 26 декабр, жума куни давлат қуролланиш дастурига бағишланган йиғилишда.
Унинг сўзларига кўра, 2022 йилга нисбатан 2025 йилда РФда “махсус ҳарбий операция”да (РФ Украинага қарши урушини шундай атаб келади) ишлатилаётган маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажми сезиларли даражада кўпайган. Путин таъкидлашича, “зарба бериш воситалари” ва ўқ-дорилар етказиб бериш ҳажми 22 мартадан кўпроққа ошган.
Президент келтирган маълумотга биноан, зирҳли танк қурол-яроғи ишлаб чиқариш 2,2 мартага кўпайган. Енгил зирҳли техника, жумладан БМП ва БТР ишлаб чиқариш 3,7 мартага ошган. Авиация техникаси ишлаб чиқариш ҳажми эса 4,6 мартага кўпайган.
Путин бошқа турдаги маҳсулотлар бўйича ҳам рақамларни келтирди. Автомобил техникаси ишлаб чиқариш 5,7 мартага ошган, ракетали-артиллерия қурол-яроғи — 9,6 мартага. Алоқа ва радиоэлектрон кураш техникаси ишлаб чиқариш 12,5 мартага, шахсий зирҳли ҳимоя воситалари — қарийб 18 мартага кўпайган. Путин айтишича, “зарба бериш воситалари” ва ўқ-дорилар ишлаб чиқариш 22 мартадан кўпроққа ошган.
Президент даъвосига кўра, Россия мудофаа-саноат мажмуаси барқарор ишлаяпти ва Қуролли кучларни зарур техника билан таъминлаяпти, жумладан Украинага қарши урушга жалб этилган бўлинмаларни ҳам.
Июн ойида Путин Россия мудофаага 13,5 трлн рубл сарфлаётганини, бу ЯИМнинг 6,3 фоизини ташкил қилишини айтган эди. Унинг сўзларига кўра, ҳарбий харажатлар ошиши “инфляция” билан “тўланган”, бироқ ҳокимият уни жиловлаш чораларини кўряпти. Президент, шунингдек, мудофаа харажатларини қисқартириш режалари ҳақида ҳам гапирган.
2025 йил федерал бюджетига кўра, мудофаа харажатлари барча харажатларнинг 32,5 фоизи миқдорида белгиланган бўлиб, бу 13,5 трлн рублга тўғри келади. Мамлакат мудофааси ва хавфсизлигини таъминлаш 2026 йил бюджети устувор йўналишларидан бири деб аталган, бу мақсадларга 12,93 трлн рубл ажратилиши кўзда тутилган.
Йиғилиш материалларига кўра, 2027–2036 йилларга мўлжалланган давлат қуролланиш дастури параметрлари ҳисоблаб чиқилган ва тасдиқлашга тайёр. Ҳужжатларда бу дастур қурол-яроғ, ҳарбий ва махсус техникани ишлаб чиқиш, ишлаб чиқариш ва жанговар тайёр ҳолатда ушлаб туришни назарда тутувчи узоқ муддатли режавий ҳужжат экани қайд этилган. Унинг амал қилиш муддати 10 йил, дастур ҳар беш йилда президент томонидан тасдиқланади ва Россия миллий хавфсизлигига оид барча эҳтимолий — мавжуд ҳамда келажакда пайдо бўлиши мумкин бўлган таҳдидларни инобатга олади.