Иқтисодиёт | 21:30
867
3 дақиқада ўқилади

2025 йил ўзбек сўми учун қандай ўтди?

Жорий йилда сўм долларга нисбатан қарийб 6,8 фоизга мустаҳкамланди. Иқтисодчи Миркомил Холбоев миллий валютанинг мустаҳкамланишига қандай омиллар таъсир қилганини таҳлил қилди. Унинг қайд этишича, сўм билан кузатилган яна бир ўзига хос ўзгариш сўм-доллар жуфтлигида коридорнинг сезиларли кенгайгани бўлди.  

Фото: Kun.uz

2025 йилда сўм долларга нисбатан 6,8 фоизга мустаҳкамланган. Таққослаш учун, бу даврда тенге 3,9 фоизга, рубл эса 23,8 фоизга мустаҳкамланган бўлса, қирғиз соми 0,5 фоизга қадрсизланган. Шунингдек, йирик валюталардан франк 13,5 фоизга, евро 12,4 фоизга, фунт 7,9 фоизга, иена эса 0,8 фоизга АҚШ валютасига нисбатан ўз қадрини оширган. Иқтисодчи Миркомил Холбоевнинг ёзишича, бу ҳолат Трамп томонидан қарор қабул қилишдаги ноаниқликларнинг ортиши va савдо уруши билан боғлиқ.

Манба: Mirkonomika Телеграм канали

«Жорий йилда сўмнинг тарихий мустаҳкамланишида долларнинг глобал қадрсизланиши (доллар индекси йил давомида 9,4 фоизга қадрсизланди) va асосий экспорт товаримиз ҳисоблаган олтин нархининг юқори ўсиши (2025 йилда 70 фоиз) натижасида олтин экспортидан тушумларнинг тарихий кўрсаткичга етиши (11 ойда 9,9 млрд доллар) рол ўйнади.

Шунингдек, асосий меҳнат бозорларида валюта курси сезиларли мустаҳкамланиши натижасида (рубл) пул ўтказмаларининг кутилмаларга нисбатан юқори ўсиши (11 ойда 17,3 млрд доллар) ҳамда инвестиция оқимининг юқори ўсаётганлиги (асосий капиталга инвестицияларда хорижий инвестиция va кредитлар ҳажми 9 ойда 24 фоизга ўсган) миллий валютамиз мустаҳкамланишини қўллаб-қувватлаган», дея ёзди иқтисодчи.

Миркомил Холбоевнинг қўшимча қилишича, сўм жами сессияларнинг 53,4 фоизи давомида мустаҳкамланган.

«2025 йил давомида сўм 134 та сессия давомида мустаҳкамланган. Бу жами сессияларнинг 53,4 фоизини ташкил этади. Таққослаш учун, 2024 йилда сўм 108 кун, 2023 йилда эса 102 кун (сессия) мустаҳкамланган.

Жорий йилга энг яқин кўрсаткич 2022 йилда қайд этилиб, ўша йилда сўм 127 та сессияда мустаҳкамланганди. Лекин 2022 йилда сўм долларга нисбатан 3,7 фоизга қадрсизланган бўлса, жорий йилда қарийб 7 фоизга мустаҳкамланди», дея қайд этган иқтисодчи.

Манба: Mirkonomika Телеграм канали

Сўм билан кузатилган яна бир ўзига хос ўзгариш сўм-доллар жуфтлигида коридорнинг сезиларли кенгайгани бўлган. Жорий йилда сўм-доллар жуфтлигида ўртача кунлик ўзгариш 34,7 сўмни (майдан кейинги даврда 45,2 сўм) ташкил этди. Таққослаш учун, 2024 йилда кунлик ўзгариш 15,1 сўмни, 2023 йилда 17,3 сўмни ташкил этган. Сентябрдан кейинги даврда коридор бироз қисқарган бўлса-да, йил бошига нисбатан сезиларли юқорилигича қолган.

Манба: Mirkonomika Телеграм канали
Тайёрлаган:  Достон Аҳроров

Мавзуга оид