Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Қарорлар шерикларга боғлиқ”: Зеленскийнинг янги мурожаати
Украинада тинчликка эришиш кўп жиҳатдан Украинага ёрдам бераётган ва Россияга босим ўтказиб, уни ўз агрессияси оқибатларини ҳис қилишга мажбур қилаётган шерикларга боғлиқ, деди Украина президенти Володимир Зеленский.
Фото: Stephanie Lecocq/REUTERS
Украина президенти Володимир Зеленский урушни тугатиш мақсадида шерикларини Россияга босимни кучайтиришга чақирди. “Ҳозир йилнинг энг фаол дипломатик кунларидан айримлари, ва янги йилгача кўп нарса ҳал бўлиши мумкин, <…> аммо қарорлар бўладими-йўқми — шерикларга боғлиқ. Украинага ёрдам бераётганларга ҳам, Россияга босим ўтказиб, россияликлар ўз агрессиясининг оқибатларини ҳис қилиши учун ҳаракат қилаётганларга ҳам”, — деб ёзди Зеленский якшанба, 28 декабр куни, Флоридада АҚШ президенти Доналд Трамп билан учрашувидан бир неча соат олдин.
У эслатишича, фақат ўтган ҳафтанинг ўзида Россия Украинага 2100 та дрон, тахминан 800 та бошқариладиган авиация бомбаси ва турли тоифадаги 94 та ракета учирган. Украина президентининг сўзларига кўра, “Россияга қарши санкциялар ишлаши, агрессия учун сиёсий босимнинг барча шакллари, Украина ҳаво мудофааси учун ракеталар етказиб бериш ҳам муҳим”. “Бироқ шунингдек, урушни якунлайдиган ва хавфсизликни кафолатлайдиган қадамлар форматларини ҳаммамиз белгилашимиз муҳим. Бугун айнан шундай қадамлар ҳақида шериклар билан гаплашамиз”, — деди Зеленский.
Шанба куни Зеленский онлайн форматда Киев ҳозир ҳаракатланаётган “дипломатик йўл”ни Европа иттифоқчилари билан муҳокама қилди. Суҳбатда 9 та Европа давлати раҳбарлари, шунингдек Канада бош вазири Марк Карни, НАТО бош котиби Марк Рютте, Европа кенгаши раиси Антониу Кошта ва Европа комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен иштирок этди.
“Путин манипуляция қила олмаслиги ва урушни ҳақиқий ҳамда адолатли якунлашдан қочолмаслиги учун ҳам фронтда, ҳам дипломатияда кучли позициялар керак”, — деб ёзди Володимир Зеленский учрашувдан кейин.
Шу орада, 28 декабр куни Володимир Зеленский ва Доналд Трамп ўртасида Украинадаги урушни тугатишнинг эҳтимолий шартларини муҳокама қилишга бағишланган учрашув вақти эртароққа кўчирилди: маҳаллий вақт билан 15:00 дан 13:00 га, деб хабар қилди Оқ уй матбуот хизмати.
Трамп Зеленскийни Палм-Бич курорт шаҳрида жойлашган Мар-а-Лаго қароргоҳида қабул қилди.
Мавзуга оид
09:32
“Якунловчи ҳал қилувчи омил — АҚШ”: Рюттенинг баёноти
08:29
Донбасс масаласи ҳал бўлмади: Трамп ва Зеленский учрашуви натижалари
18:47 / 28.12.2025
Зеленский Украинадаги уруш якунланиши ҳақида фикр билдирди
17:00 / 28.12.2025