Ўзбекистон | 16:09
474
2 дақиқада ўқилади

Қурилиш лойиҳаларида “яшил” тамойиллар: талаблар қатъийлаштирилди

2026–2028 йилларда ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантиришда “яшил” технологияларни кенг жорий этиш устувор йўналиш этиб белгиланди. Янги бошланадиган объектларни лойиҳалашда энергия тежовчи ва экологик тоза ечимлар инобатга олинмаса, лойиҳа-смета ҳужжатлари экспертизадан ўтказилмайди.

2025 йил 27 декабр куни “2026–2028 йилларда Ўзбекистон ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори (ПҚ–393-сон) қабул қилинди. Ҳужжатга кўра, 2026–2028 йилларга мўлжалланган дастурнинг асосий устувор йўналишлари белгилаб берилди.

Қарорда қурилиш объектларини лойиҳалашда “яшил” технологияларни кенг жорий қилиш алоҳида вазифа сифатида қайд этилди. Шунингдек, бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари маблағларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш, шу жумладан мазкур жамғармаларнинг 3,4 трлн сўм маблағларини оқилона йўналтириш белгиланди.

Таълим инфратузилмасини мустаҳкамлаш мақсадида илғор касбий маҳорат техникумлари биноларини қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларига 150 млрд сўм ажратилиши кўзда тутилган.

Қарорга мувофиқ, дастур доирасида янгидан бошланадиган объектларни лойиҳалаштиришда энергия тежовчи технологиялар ва қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмалари, шунингдек, экологик тоза ҳамда энергия самарадорлиги юқори бўлган қурилиш материалларидан фойдаланиш масалалари инобатга олинмаган бўлса, бундай лойиҳа-смета ҳужжатларини экспертизадан ўтказишга йўл қўйилмайди.

Шу билан бирга, 2026 йил 1 январдан лойиҳа қиймати БҲМнинг 6 000 баробаридан юқори бўлган ва бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари ҳисобидан амалга ошириладиган қурилиш-таъмирлаш лойиҳалари Ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида қамраб олиниши белгиланди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид