Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Россия армиясига куздаги чақирув — сўнгги 9 йилдаги рекорд
Россияда 2025 йилги кузги чақирув сўнгги тўққиз йил ичида муддатли ҳарбий хизматга чақирилганлар сони бўйича рекорд кўрсаткич қайд этди. 1 октябрдан 18–30 ёш орасидаги 135 минг эркак РФ армиясига юборилди.
Фото: Erik Romanenko/TASS/dpa/picture alliance
2025 йилги Россия армиясига кузги чақирув сўнгги тўққиз йилдаги энг юқори кўрсаткич бўлгани ҳақида РФ Мудофаа вазирлиги 29 декабр, душанба куни Telegram’да эълон қилган постда айтилди. Давлат думаси мудофаа қўмитаси раиси генерал-полковник Андрей Картаполовнинг билдиришича, кузда 18–30 ёшли эркаклардан муддатли хизматга чақирилганлар сони кўп бўлиши баҳорда чақирувчилар сони камроқ бўлгани ва Қуролли кучларни режали равишда ривожлантириш билан боғлиқ.
1 октябрда бошланиб 29 декабрда якунланган ушбу кузги чақирувда 135 минг нафар муддатли хизматчи армияга жўнатилди. Бу 2016 йилдан бери энг юқори кўрсаткич: ўша йил шу даврда 152 минг эркак чақирилган эди. Картаполовнинг сўзларига кўра, жорий йилдаги юқори рақамнинг сабаби шундаки, “баҳорги чақирувда 160 минг чақирувчини олиш керак эди, (лекин — таҳр.) турли сабабларга кўра камроқ олинди”. “Шунинг учун кузги чақирувда рақамлар ошди”, — деди у.
У, шунингдек, Россияда Қуролли кучларнинг сони ва тузилмасини режали тарзда кенгайтириш давом этаётганини айтди. “Янги қисмлар тузилмоқда, жумладан Ленинград ҳарбий округида Финландия билан чегарани қоплаш учун. У ерда ҳам кимдир хизмат қилиши керак”, — деб қўшимча қилди Картаполов.
2025 йил 1 апрелдан 15 июлгача бўлган баҳорги чақирув 2011 йилдан бери энг йириги бўлган: ўшанда армияга қарийб 219 минг эркак олиб кетилган. РФ президенти Владимир Путин фармонига мувофиқ, 2025 йил баҳорида армияга 160 минг россиялик чақирилиши керак эди — бу 2024 йил баҳорига нисбатан 10 мингга кўп.
“Верстка” нашри хабар беришича, ўша пайт 2 июнга келиб армияга қарийб 145 минг россиялик чақирилган — бу белгиланган меъёрнинг 94,5 фоизини ташкил этган.
2024 йил бошидан Россияда чақирув ёши оширилди: шундан бери армияга 18–30 ёшли эркаклар чақирилмоқда. Илгари чақирувчиларнинг энг юқори ёши 27 ёш эди.
Мавзуга оид
15:22
Россия бензин ва дизел экспортига қўйилган тақиқни тўртинчи марта узайтирди
14:46
Шавкат Мирзиёев Владимир Путиннинг қароргоҳига ҳужум қилишга уринишни қоралади
14:30
Германия ТИВ: Россия фуқароларига нисбатан “асоссиз таъқиб” йўқ
10:15