Айниқса, бугунги глобал савдо муҳити, геосиёсий қарама-қаршиликлар, протекционизмнинг кучайиши ва савдо занжирларидаги узилишлар фонида ушбу қарорнинг иқтисодий оқибатлари жамоатчиликда қўшимча ва ҳақли хавотирларни келтириб чиқармоқда.

Сеҳрли таёқча эмас, “спортзал”

ЖСТга аъзолик муаммоларни бирданига ҳал қилувчи "сеҳрли таёқча"ми ёки оғир, аммо соғломлаштириш учун зарур бўлган "спорт зали"ми? Ушбу мақолада иқтисодий мантиққа таянган ҳолда кутилаётган ўзгаришларни таҳлил қиламиз.

Нима ўзгаради? Кимга яхши, кимга ёмон?

Институционал ўзгаришлар, "ўйин қоидалари"нинг янгиланиши

ЖСТга аъзоликнинг энг бирламчи ва фундаментал фойдаси – тарифларнинг пасайиши эмас, балки институционал барқарорлик.

Иқтисодиётда, Дуглас Норт (Нобель мукофоти лауреати) таъбири билан айтганда, "ўйин қоидалари"нинг аниқ ва ўзгармас бўлиши – экспортчилар ва хорижий инвесторларни жалб қилиш учун ва тенг муҳитда астойдил меҳнат қилиш учун энг муҳим омилдир.

Натижада Ўзбекистон:

  • Ўрта ва узоқ муддатга бозор муҳити башорат қилинадиган савдо майдонига айланади. Маълумки, ЖСТ доирасида савдо сиёсати халқаро ҳуқуқий нормалар билан тартибга солинади. Бу бир кечада ҳукуматнинг импортни тақиқлаш ёки экспортга сунъий тўсиқ қўйиш (масалан, протекционистик мақсадларда) имконияти чекланишини англатади. Экспортчилар ва хорижий инвесторлар учун бу риск премиясининг пасайишини кафолатлайди ва ижобий бизнес оқимини кучайтиради.
  • Тенг ҳуқуқли иштирокчига айланади. Ҳозирда Ўзбекистон жаҳон савдосида "қоида қабул қилувчи" (rule-taker) ролида. Аъзоликдан сўнг эса, мамлакат глобал савдо музокараларида ўз ўриндиғига ва овозига эга бўлиб, "қоида яратувчи" (rule-maker) сифатида ҳам иштирок этиш имкониятига эга бўлади. Бу жиҳатдан ЖСТга аъзолик Ўзбекистоннинг халқаро савдо майдонидаги мавқейини кучайтиради.
  • Республика ҳудудида саноат учун муҳим бўлган ускуналар, эҳтиёт қисмлар, хомашё ва қадоқлаш материаллари нархининг пасайишига эришилади. Халқаро валюта жамғармаси тадқиқотларига кўра, оралиқ маҳсулотлар импортидаги тўсиқларнинг камайиши ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишда муҳим рол ўйнайди. Ушбу жараён бевосита ва дарҳол сезилмаслиги мумкин, бироқ ўрта муддатда рақобат кучайиши орқали истеъмолчилар учун ҳам ижобий таъсир кўрсатади.

Аммо ЖСТга кириш ҳамма учун "байрам" эмас. Иқтисодиётда Жозеф Шумпетер айтган "яратувчи бузғунчилик" (creative destruction) жараёни қисқа муддатларда рўй бериши мумкин.