Ўзбекистон | 14:50 / 07.01.2026
3260
1 дақиқада ўқилади

“Анор” ва “Чинор” лойиҳалари: 2,2 минг ватандош Ўзбекистонга олиб келинади

“Ўзбекистон–2030” стратегияси лойиҳасида Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) тўлақонли аъзо бўлиш, шунингдек, хорижда истиқомат қилаётган ватандошларни қўллаб-қувватлаш ва улар билан доимий мулоқот тизимини йўлга қўйиш бўйича қатор мақсадли кўрсаткичлар назарда тутилган.

Лойиҳага кўра, ЖСТга аъзо бўлиш жараёни доирасида масъул вазирлик ва идоралар билан биргаликда миллий қонунчилик ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиётини ЖСТнинг қоида, меъёр ва битимларига тўлиқ, яъни 100 фоиз мослаштириш вазифаси белгиланган.

Ватандошлар билан ишлаш йўналишида эса маънавият-маърифат, фан ва таълим соҳаларида ватандошлар иштирокида амалга ошириладиган лойиҳалар сонини 120 тага етказиш кўзда тутилмоқда. Шунингдек, ватандошлар жамоат бирлашмаларига етказиб бериладиган бадиий адабиётлар сонини 150 мингтага ошириш режалаштирилган.

Бундан ташқари, “Анор” лойиҳаси доирасида 1,2 минг нафар ёш ватандошларни, “Чинор” лойиҳаси орқали эса 1 минг нафар ёши катта ватандошларни Ўзбекистонга олиб келиш мақсад қилинган. “Ёш ватандош ёзувчи” лойиҳаси доирасида хориждаги 150 нафар ёш ижодкорни Ўзбекистонга жалб этиш ҳам режада бор.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид