Жаҳон | 19:45 / 03.01.2026
9839
9 дақиқада ўқилади

“Эрондаги намойишлар билан боғлиқ уч сценарий мавжуд” — сиёсатшунослар

Эрондаги намойишлар оммавий тўқнашувларга айланиб боряпти. Доналд Трамп эса намойишчиларга ёрдам беришга тайёрлигини маълум қилди. 28 декабр куни иш ташлаш билан бошланган ҳаракатлар қисқа вақтда мамлакатни қамраб олган йирик намойишларга айланиб кетди. Диктаторга ўлим дея ҳайқирилган акцияга талабалар ҳам қўшилди. Kun.uz’нинг “Геосиёсат” дастурида Яқин Шарқ масалалари бўйича экспертлар мавзу юзасидан ўз фикрларини билдирди.

Биби ва Трамп учрашувининг Эрондаги воқеаларга боғлиқлиги бўлиши мумкинми?

Фазлиддин Мадиев: 28 декабрдаги намойишлар асосан электротехника маҳсулотлари сотиладиган бозорлардан бошланди. Бунга асосий сабаб инфляциянинг кескин ошгани бўлди. Валюта тебраниши нархлар барқарорлигига кучли таъсир кўрсатди ва норозилик кайфиятини кучайтирди. Нетаняҳу ва Доналд Трамп ўртасидаги учрашув бу жараёнларга таъсир қилдими, деган савол табиий. Бу учрашувнинг сиёсий фонини инобатга олсак, таъсири сезиларли бўлганини инкор этиб бўлмайди. Чунки Исроилнинг кейинги стратегик ҳаракатлари, минтақавий ўраб олиш сиёсати ва босимни кучайтириши Эрон ҳамда Туркияга қаратилганини Трампнинг баёнотларидан ҳам англаш мумкин. Эрондаги вазият эса аввалги норозиликлардан маълум даражада фарқ қилмоқда. Расмий матбуот ва интернет нашрлари ўртасида ёндашувлар кескин фарқланмоқда: ижтимоий тармоқларда янада радикал ва кескин чақириқлар тарқалмоқда. Айрим намойишчиларнинг “режим кетиши керак” ёки ҳатто монархия қайтишини талаб қилувчи шиорлар билан чиқиши ҳам шундан далолат беради. Бироқ бу сафарги намойишларнинг муҳим жиҳати шундаки, ҳукумат норозиликнинг асосий сабабини очиқ тан олди. Президент Пизишкиён иқтисодий инқироз ҳукумат масъулияти эканини эътироф этиб, вазиятни имкон қадар тўғрилашга ваъда берди. Бу баёнот аввалги намойишлардан тубдан фарқ қилади. Илгари барча норозиликлар Ғарбнинг аралашуви билан изоҳланган бўлса, энди ҳукумат бундай тушунтиришлар жамоатчиликка таъсир қилмаётганини англаган кўринади. Шу жиҳатдан, бу ҳолат Эрон учун муҳим ва ижобий сигнал сифатида баҳоланиши мумкин.

Шавкат Икромов: Катта эҳтимол билан Вашингтондаги учрашувлар намойишлар билан бевосита боғлиқ эмас. Чунки Эрон жамиятининг тузилиши ва сиёсий режими ташқи томондан кўринганидан анча мураккаб. Эронда оммавий намойишларни юзага келтириш учун ташқи кучларнинг таъсири ўзи етарли бўлмайди. Жамият иерархияси шунчалик мураккабки, агар эронликларнинг ўзи ичкаридан бунга тайёр бўлмаса, уларни ташқи омиллар орқали кўчага олиб чиқиш деярли имконсиз. 2009, 2019 ва 2022-йиллардаги норозилик намойишларида ҳам Эрон ҳукумати ташқи кучлар аралашуви ҳақида баёнотлар берган, айрим ҳолларда АҚШ ёки Исроил намойишчиларни қўллаб-қувватлаётгани таъкидланган. Бироқ Эрон жамиятини чуқур ўрганган мутахассислар ва мамлакатдаги давлат тизимини яхши биладиганлар бир нарсани аниқ айтади: эронликларни фақат ташқи таъсир орқали кўчага чиқариш осон эмас. 2025 йил декабр ойининг охирги ҳафталарида бошланган намойишлар ҳам айнан ички омиллар билан боғлиқ. Бу сафар норозиликлар анъанавий тарзда фаоллар ёки талабалар томонидан эмас, балки бозор савдогарлари ва дўкон эгалари томонидан бошланган. Улар юқори инфляция, аҳолининг харид қобилиятининг кескин пасайиши ва бунинг оқибатида савдонинг тўхтаб қолганидан норози бўлишди. Дастлаб бозорларда бошланган норозиликлар кейинчалик бошқа ҳудудларга тарқалди, кичик шаҳарларга ва айрим қишлоқларга ҳам етиб борди. Шунга қарамай, бу намойишлар кенг кўламли ёки инқилобий тус олган деб айтиш қийин. Намойишлар ҳануз тўлиқ бостирилмаган ва ҳозир ҳам Эроннинг турли ҳудудларида давом этмоқда. Муҳими шундаки, дастлаб иқтисодий талаблардан бошланган норозиликлар вақт ўтиши билан сиёсий мазмун касб эта бошлади. Намойишчилар томонидан янграётган “На Ғазо, на Ливан — жонимиз Эрон учун” деган шиорлар шуни кўрсатадики, жамият ички иқтисодий муаммолар фонида ҳукуматнинг ташқи сиёсатидан, хусусан Эрон ташқарисидаги прокси кучларни молиялаштиришидан тобора кўпроқ норозилик билдирмоқда.

Эрондаги воқеалар бўйича қандай сценарийларни тахмин қилиш мумкин?

Фазлиддин Мадиев: Бу жараёнлар ҳам салбий, ҳам ижобий томондан якунланиши мумкин. Салбий томони шундаки, Эронда кенг кўламли намойишлар авж олиб кетиши эҳтимоли бор. Режимнинг қулашини истайдиган гуруҳлар мавжуд ва бу жараёнда Исроил омилининг таъсири жуда катта. Образли қилиб айтганда, айрим ҳолларда бу ҳолатни “Эрон ичидаги Катта Исроил” деб аташ ҳам мумкин. Мамлакат ичида Исроилга алоқадор разведка тармоқлари фаолият юритаётгани сезилади. Буни айрим сиёсий баёнотлардан кейин фаоллашган яширин гуруҳлар фаолиятида ҳам кўриш мумкин. Айниқса, курдлар яшайдиган ҳудудларда беқарорлик кучайишига уринилмоқда. Бу ҳудудларда тинч аҳоли орасида ҳам, давлат хизматчилари ва ҳарбийлар орасида ҳам қурбонлар борлиги қайд этилмоқда. Агар бундай жараёнлар давом этса, Эронда вазиятнинг издан чиқиш хавфи юзага келиши мумкин. Тўғридан-тўғри Эронга қарши кенг кўламли ҳарбий ҳаракатларни амалга ошириш жуда мураккаб масала бўлса-да, ички беқарорликнинг ўзи ҳам давлатни жиддий даражада заифлаштиради. Тарих шуни кўрсатадики, заифлашган давлатларда бўлиниш ва парчаланиш хавфи кучаяди. Бироқ бу жараённинг ижобий томонлари ҳам бор. Жамиятнинг муҳим қисми стратегик масалаларда эҳтиёткорликни сақлаб қола олди. Хусусан, Исроил билан юз берган сўнгги тўқнашувлар фонида кенг кўламли беқарорлик юзага келмади. Намойишлар ҳам халқ томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланмади. Норозилик билдирган гуруҳлар ўз талабларини ҳукуматга етказганини ва шу билан чекланганини очиқ тан олди. Муҳими шундаки, ҳукумат бу сафар масъулиятни ташқи кучларга юклаш билан чекланиб қолмади. Иқтисодий муаммолар ички бошқарув билан боғлиқ эканини тан олди ва уларни ҳал қилиш ҳукумат зиммасидаги вазифа эканини эътироф этди. Бу ёндашув жамиятда муайян ижобий кайфият шаклланишига хизмат қилиши мумкин. Шу боис Эронда барқарорлик сақланиши ниҳоятда муҳим. Бу нафақат Эроннинг ўзи, балки минтақа давлатлари, жумладан биз учун ҳам муҳим, чунки бу ҳудуд бизга географик ва сиёсий жиҳатдан жуда яқин.

Шавкат Икромов: Эрон бўйича камида учта асосий сценарийни кўриб чиқиш мумкин. Биринчи ссенарий — Эронга хос, анъанавий йўл. Декабр ойида бошланган намойишлар ҳукумат томонидан қатъий тарзда бостирилади, минглаб, балки ўн минглаб одамлар ҳибсга олиниши, айрим гуруҳлар эса оғир жазоларга дучор бўлиши мумкин. Натижада назорат механизмлари янада кучаяди. Бу ҳозирги Эрон сиёсий тизимига хос ва кутиладиган сценарий ҳисобланади. Бироқ бу ерда муҳим фарқ бор: 2009, 2019 ва 2022 йиллардаги намойишлар даврида мамлакат иқтисодиёти ҳозиргига нисбатан барқарорроқ эди. Бугунги иқтисодий инқироз шароитида бундай қатъий чоралар узоқ муддатли барқарорликни кафолатламаслиги мумкин.

Иккинчи сценарий — ҳукуматнинг муайян ён беришларга бориши. Ҳозирги сиёсий конфигурацияда ислоҳотчи кучлар, хусусан президент Масъуд Пизишкиён омили мавжуд. У ислоҳотчи лидер сифатида катта умидлар билан сайланган ва жамият ҳам ундан амалий ўзгаришлар кутмоқда. Бу сценарий доирасида Эрон Ғарб билан, айниқса санкцияларни қўллаб турган давлатлар билан мулоқотга кириши, айрим келишувларга бориши мумкин. Натижада санкциялар қисман юмшатилиши ва иқтисодий вазиятни барқарорлаштиришга уриниш эҳтимоли мавжуд. Бироқ бу йўл Эрон учун оғир танловларни талаб қилади: ядровий дастур ёки ракета салоҳияти бўйича ён бериш масаласи кун тартибига чиқиши мумкин. Шу билан бирга, бундай йўналиш танланса, Россия ва Хитой томонидан анъанавий қўллаб-қувватлаш сусайиши эҳтимоли ҳам юқори.

Учинчи сценарий — энг кескин ва эҳтимоли энг паст бўлган вариант. Бу ҳозирги норозиликларнинг кенгайиб, тизимли инқилобий жараёнга айланишидир. Агар намойишлар оммавий тус олса, ташқи ёрдам реал шаклга кирса ва намойишчилар қуролланиш даражасига етса, ҳукумат кучлари билан қонли тўқнашувлар юзага келиши мумкин. Бундай ҳолатда нафақат ҳозирги режимнинг яшовчанлиги, балки Эроннинг умумий барқарорлиги ҳам жиддий хавф остида қолади. Яъни Эрон олдида танловлар торайиб бормоқда: куч билан назоратни сақлаб қолиш, оғриқли ислоҳотларга бориш ёки хавфли беқарорлик ссенарийсига яқинлашиш. Қайси йўл танланиши эса нафақат ички сиёсий ирода, балки ташқи омиллар билан ҳам чамбарчас боғлиқ.

Суҳбатни тўлиқ YouTube платформасида томоша қилишингиз мумкин.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди. 

Мавзуга оид