Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Россия Украинадан учирилган 140 тадан ортиқ дрон тутиб олинганини маълум қилди
РФ Мудофаа вазирлигига кўра, 4 январ куни Россиянинг тахминан 10 та ҳудуди, жумладан Москва ҳам, дронлар ҳужумига учраган. Бир қатор аэропортлар вақтинча ёпилган. Украина эса 40 та Shahed дрони қатнашган ҳужум ҳақида хабар берди.
Украина дронлари Москва, Москва вилояти ва Россиянинг яна тўққизта ҳудудини нишонга олганини Россия Мудофаа вазирлиги якшанба, 4 январ куни маълум қилди. Идора маълумотларига кўра, “навбатчи ҲҲМ воситалари томонидан самолёт туридаги жами 142 та дрон тутиб олинган ва йўқ қилинган”, уларнинг энг катта қисми Брянск ва Курск вилоятлари ҳиссасига тўғри келган — мос равишда 37 ва 28 та. РФ Мудофаа вазирлиги Россияга ҳужум қилган дронларнинг умумий сонини айтмаган.
Шу орада, Россия ОАВ хабар беришича, дронлар ҳужуми Россия пойтахти ҳамда вилоятидаги тўртта аэропорт иши вақтинча тўхташига сабаб бўлган. Внуковода парвозга чиқиш ва қўниш бўйича тахминан 50 га яқин рейс кечиктирилган. Москва мэри Сергей Собяниннинг айтишича, Россия ҲҲМ пойтахтга яқинлашган 19 та дронни уриб туширган. Амалдор вайронгарчиликлар ёки жабрланганлар ҳақида маълумот бермаган, фақат парчалар тушган жойларда фавқулодда хизматлар ишлаётганини қайд этган.
4 январга ўтар кечаси Россия Қуролли кучлари Украина ҳудудига зарба бериш учун 52 та учувчисиз қурилмани қўллаган, уларнинг 40 таси Shahed бўлгани ҳақида Украина Қуролли кучлари Ҳаво кучлари Telegram-каналда хабар берди. Украина ҳарбийлари маълум қилишича, дронлар Орёл, Брянск, Курск шаҳарларидан ҳамда Россия босиб олган Донецк шаҳридан учирилган.
Хабарга кўра, Украина ҲҲМ мамлакатнинг шимоли ва шарқида 39 та дронни уриб туширишга муваффақ бўлган. “9 та локацияда 13 та ҳужумкор дроннинг урилгани қайд этилди, шунингдек бир жойга парчалар тушган”, — дейилади Украина армияси маълумотида.
Шундай ҳужумлардан бири — Херсондаги ёнилғи қуйиш шохобчасига қилинган зарба ҳақида Украина Фавқулодда вазиятлар давлат хизмати хабар берди. “Портловчи хавфли буюм ташлаб юборилиши оқибатида АЗС ҳудудидаги газ модули ва енгил автомобил ёниб кетди”, — дейилади хизмат хабарномасида. Унда аниқлаштирилишича, қурбонлар бўлмаган.