Жаҳон | 22:04 / 05.01.2026
5562
2 дақиқада ўқилади

Швейцария Мадуро ва унинг шерикларининг барча активларини музлатиб қўйди

Чора дарҳол кучга киради ва тўрт йил давомида амал қилади. У Швейцариянинг Венесуэлага нисбатан 2018 йилдан бери жорий қилган санкцияларини тўлдиради.

Фото: Reuters

Швейцария Венесуэла президенти Николас Мадуро ва унинг ҳамкорларига тегишли бўлган мамлакат ҳудудидаги барча активларни музлатиб қўйди, деб хабар берди Федерал ҳукуматга таяниб Reuters.

«Федерал кенгаш ҳозирги вазиятда ноқонуний олинган ҳеч қандай активлар Швейцариядан олиб чиқиб кетилмаслигини таъминлашга интилади», дейилади баёнотда.

Чора дарҳол кучга киради ва тўрт йил давомида амал қилади. У Швейцариянинг Венесуэлага нисбатан 2018 йилдан бери жорий қилган санкцияларини тўлдиради.

Активларнинг музлатилиши Венесуэланинг амалдаги ҳукумати аъзоларига таъсир қилмайди. Шунингдек, Швейцария ноқонуний деб топилган ҳар қандай маблағни Венесуэла халқи манфаати учун қайтаришга ҳаракат этишини маълум қилди.

Ҳукуматнинг аниқлик киритишича, активларни музлатиш превентив хусусиятга эга бўлиб, Мадуро ва унинг шерикларига нисбатан «чет эллик сиёсий аҳамиятга эга шахслар» сифатида қўлланилади.

Аниқ миқдорлар айтилмаган ва ҳукумат ҳозирча Мадуро ва унинг атрофидагилар Швейцарияда айнан қандай активларга (агар мавжуд бўлса) эгалик қилиши ҳақидаги сўровга жавоб бермаган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид