Жаҳон | 08:59
757
3 дақиқада ўқилади

Венесуэладаги зилзила: қурбонлар сони 920 нафардан ошди

Венесуэлада содир бўлган икки кучли зилзила оқибатида ҳалок бўлганлар сони 920 нафарга етди. Яна 3 300 нафардан ортиқ киши турли даражада жароҳат олган. Мамлакатнинг энг кўп зарар кўрган Ла-Гуайра штатида қутқарув ишларини самарали ташкил этиш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида армия назорат ўрнатди.

Фото: REUTERS

Бу ҳақда 26 июн куни мамлакат Миллий ассамблеяси раиси Хорхе Родригес маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, қутқарувчиларнинг узлуксиз ишлаши учун хавфсизлик чоралари кучайтирилган.

Шу билан бирга, ички ишлар вазири Диосдадо Кабело Ла-Гуайрага олиб борувчи барча автомобил йўллари вақтинча ёпилганини билдирди. Унинг таъкидлашича, бу чора ҳудудга заруратсиз одамларнинг кириб келишини чеклаш, эпидемиологик хавфларни камайтириш ҳамда қутқарув операцияларини тезлаштиришга қаратилган.

125 йил ичидаги энг кучли зилзила

24 июн куни Венесуэланинг шимолида ораси атиги 39 сония бўлган икки кучли зилзила кузатилди. Уларнинг магнитудаси мос равишда 7,2 ва 7,5 ни ташкил этди. Мутахассислар иккинчи зилзилани мамлакатда сўнгги 125 йил ичида қайд этилган энг кучли ер силкинишларидан бири сифатида баҳоламоқда.

Энг катта вайронгарчилик Каракас пойтахтидан шимолда жойлашган Ла-Гуайра штатида қайд этилди. Бу ҳудуд мамлакатнинг асосий халқаро аэропорти ва энг йирик денгиз порти жойлашган стратегик аҳамиятга эга минтақа ҳисобланади.

Венесуэла президенти вазифасини бажарувчи Делси Родригес табиий офат муносабати билан мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилди.

Минглаб одамлар вайроналар остида бўлиши мумкин

Ички ишлар вазири маълум қилишича, Ла-Гуайрада 70 мингдан ортиқ оила табиий офатдан жабр кўрган. Ҳукумат қидирув-қутқарув ишларини кенгайтириб, аҳолига ичимлик суви, озиқ-овқат ва бошқа ҳуманитар ёрдам етказишни бошлаган.

Бироқ кўплаб ҳудудларда техника ва мутахассислар етишмаслиги сабабли қутқарув ишлари секин кечмоқда. Маҳаллий оммавий ахборот воситалари электр энергияси ва ичимлик суви таъминотида узилишлар кузатилаётгани, айрим жойларда эса талон-торож ҳолатлари қайд этилганини хабар қилмоқда. Дастлабки баҳоларга кўра, вайроналар остида ҳали ҳам минглаб одамлар қолган бўлиши мумкин.

Халқаро ҳамжамият ёрдами

Венесуэлага бир қатор давлатлар томонидан гуманитар ва техник ёрдам кўрсатилмоқда. Жумладан, АҚШ қутқарув ва ҳуманитар операцияларни қўллаб-қувватлаш учун икки ҳарбий кема ҳамда транспорт самолётларини юборди.

Шунингдек, Германия мудофаа вазири Борис Писториус мамлакатга қутқарув бўйича мутахассислар юборилишини ҳамда зарурат туғилса, Бундесвернинг олтита A400M ҳарбий-транспорт самолётини жалб этишга тайёр эканини маълум қилди. Бу халқаро ёрдам қутқарув ишларини тезлаштириш ва жабрланган аҳолига зарур кўмак кўрсатишга хизмат қилиши кутилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид