24 июнь куни кечқурун Венесуэла пойтахти Каракасдан тахминан 160 км ғарбда 7,2 магнитудали кучли зилзила юз берди. Орадан бир дақиқа ҳам ўтмай 7,5 магнитудали иккинчи силкиниш содир бўлди. АҚШ Геология хизмати маълумотларига кўра, бу офат – ушбу давлатда 1900 йилдан буён содир бўлган энг кучли зилзиладир.

Ушбу офат йиллар давомида иқтисодий инқирозлар туфайли аллақачон заифлашган Венесуэлага қимматга тушди. Бу инқирозлар инфратузилманинг катта қисмини мўрт ҳолатга келтириб қўйди. Пойтахт ва унинг атрофидаги қирғоқбўйи ҳудудларини силкитган афтершоклар эса қутқарув ишларини янада қийинлаштирди, деб ёзмоқда Reuters.
Қурбонлар ва зарар миқдори
Соғлиқни сақлаш вазири Карлос Алварадо пайшанба куни кечқурун тиббиёт марказларига 235 га яқин ҳалок бўлганларнинг жасадлари олиб келинганини маълум қилди. У талафот кўрганларнинг умумий сонини очиқламади.

Венесуэла Миллий Ассамблеяси раҳбари Хорхе Родригес куннинг биринчи ярмида 200 киши вайронлар остида қолиб кетгани, 250 та бино шикастлангани ёки бутунлай вайрон бўлганини айтганди. Камида 1500 киши жароҳатланган.
Жиддий зарар кўрган бинолар орасида камида саккизта шифохона, Венесуэла Қизил Хоч жамияти штаб-квартираси ва Франция элчихонаси борлиги хабар қилинган.
Каракасга туташган ва пойтахтнинг бош аэропорти жойлашган қирғоқбўйи штати – Ла-Гуаира энг кўп зарар кўрган ҳудудлардан бири бўлди. Ички ишлар вазирининг маълум қилишича, ушбу штатда 70 000 га яқин оила жабр кўрган.

«Бу ер офат ҳудудига айланди», деди муваққат президент Родригес. Унинг айтишича, ҳукумат қутқарув ишларини тезлаштириш ҳамда оғир техникаларни жалб қилиш учун хусусий компаниялар билан ҳамкорликда ишламоқда.
Штатнинг баъзи қисмларида электр энергияси танқислиги сақланиб қолмоқда, Каракас аэропорти эса шикастлангани сабабли ёпилган. Терминалдан олинган видеоларида шифт панеллари қулаб тушаётган пайтдаги ваҳимали манзаралар акс этган.




































