Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Зеленский УХХ раҳбарини истеъфога чиқарди
Василий Малюк раҳбарлиги даврида Украина хавфсизлик хизмати кўплаб шов-шувли амалиётларни ўтказганди, Қрим кўпригидаги портлашлар ва «Паутина» операцияси шулар жумласидан. Украиналик нуфузли ҳарбийлар бу истеъфога қарши бўлишганди. Малюкнинг жамоасидагилар эса бу истеъфони президент офисининг собиқ раҳбари Андрей Ермакнинг қасоси деб ҳисоблашмоқда – УХХ раҳбари коррупция можароси вақтида уни қўлламаган.
Украина хавфсизлик хизмати раҳбари Василий Малюк истеъфога чиқди. Президент Володимир Зеленский билан учрашувдан кейин у ўз лавозимини тарк этаётгани, аммо «УХХ тизимида қолиши ва келгусида ҳам душманга максимал зарар етказадиган жаҳон миқёсидаги носимметрик махсус операцияларни амалга оширишда давом этиши»ни маълум қилган. У айнан қандай лавозимни эгаллаши ҳозирча маълум эмас.
Зеленский генерал-майор Евгений Хмара номзодини УХХнинг янги раҳбари лавозими учун илгари сурган. Хмара – Украина хавфсизлик хизматининг тажрибали ходимларидан бўлиб, 2023 йилдан Терроризмга қарши махсус операциялар марказига раҳбарлик қилган, 2025 йил августида «Алфа» махсус операциялар маркази раҳбари этиб тайинланганди. Энди Олий рада Хмарани УХХ раҳбари лавозимига тасдиқлаши керак бўлади.
Малюк УХХга 2022 йил июлидан бошлаб раҳбарлик қилган (2023 йил ёзигача – вазифа бажарувчи мақомида). Махсус хизматлар унинг раҳбарлиги даврида Россия ҳудудида қатор шов-шувли амалиётлар ўтказди, «Ўргимчак тўри» («Паутина») операцияси ва Қрим кўпригидаги портлашлар, шунингдек, Россиянинг ичкари ҳудудларидаги нефтни қайта ишлаш заводларига узлуксиз ҳужумлар шулар жумласидан.
Украинадагилар Малюкнинг хавфсизлик хизматидаги фаолиятини ўта муваффақиятли деб баҳолашади. «РБК-Украина» урушга қадар бўлган даврда УХХнинг функциялари фақат ички хавфсизлик масалалари билан чекланган бўлгани, Малюк хизматга раҳбар этиб тайинлангач, Кирилл Буданов раҳбарлигидаги Бош разведка бошқармаси каби УХХ ҳам «амалда урушнинг тўлақонли иштирокчилари ва жаҳон брендларига айлангани»ни таъкидлайди.
«Айнан у УХХни ноёб махсус операциялар ўтказадиган ва музокаралар столида Украина учун кучли карталар берадиган самарали махсус хизматга айлантирди», - деганди 3 январ куни Politico нашрига шахси ошкор этилмаган украиналик мулозим. Унинг сўзларига кўра, Малюкнинг УХХдан кетиши махсус хизматни жиддий заифлаштиради: «Агар Малюк ўз лавозимини тарк этса, Кремлдагилар шампан виносини очади».
Малюк истеъфога чиқарилиши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар январнинг илк кунларида пайдо бўлганди. Бу хабарлар фонида 3 январ куни украиналик таниқли ҳарбий командирлар ва таҳлилчилар ижтимоий тармоқларидаги саҳифаларида бир вақтнинг ўзида Малюкни қўллаб-қувватлаб постлар ёзишди ва у билан ҳамкорликдаги муваффақиятларни эътироф этишди.
Хусусан, Украина қуролли кучлари бирлашган кучлари қўмондони генерал-майор Михаил Драпатий УХХ раҳбари қарорларининг самарадорлиги операцияларнинг ошкоралиги билан эмас, балки ички хавфсизлик даражаси ва душманнинг жанговар қобилиятига таъсири билан белгиланишини айтди. «Бу ишларнинг натижалари жанг майдонида ҳам, фронт ортида ҳам сезилади... Уруш тезда ҳамма нарсани жой-жойига қўяди. Шу маънода Василий Малюк – айнан керакли жойда», – деганди у.
Худди шундай позиция Украина миллий гвардиясининг «Азов» 1-корпуси қўмондони Денис Прокопенко ва 3-армия корпуси қўмондони Андрей Билецкий ҳам билдирди. «Василий Малюкнинг алмаштирилиши – Украина ҳарбий машинасининг энг самарали элементларидан бирини тўғридан тўғри заифлаштиришдир. Бу босқичда ҳар қандай кадрлар алмашинуви – фронт ва давлатнинг мудофаа қобилияти учун хавфдир», – деди Билецкий.
Зеленский BBC Украина сўровига жавобан, ҳарбийларнинг чиқишларига муносабат билдириб, шундай деган: «Барчани ҳурмат қиламан, аммо мен амалга ошириш режалаштирилган ротацияларни амалга ошираман».
Кейинроқ «Украинская правда» ўз манбаларига таяниб, шанба куни Малюк Зеленский билан учрашув вақтида истеъфога чиқиш тўғрисида ариза ёзишдан бош тортиб, ҳозирда УХХда «Ўргимчак тўри» миқёсидаги бир нечта операциялар якуний босқичда экани ва уларни ташлаб кетиш «жиноят» бўлишини айтгани ҳақида ёзди. УХХ раҳбари Зеленскийга уни ишдан бўшатиш масаласини Олий Радага топширишни таклиф қилган. Президент эса унинг рад жавобидан «ғазабланган».
Якшанба кунига келиб Малюк босим остида барибир рози бўлган, у президент билан муносабатларни кескинлаштиришга бориш – давлатга зарар етказиш деган қарорга келган.
«Украинская правда» маълумотларига кўра, Малюкнинг жамоасидагилар унинг истеъфосини ҳали ҳам норасмий таъсирини сақлаб келаётган президент офисининг собиқ раҳбари Андрей Ермакнинг қасоси деб ҳисобламоқда. УХХ раҳбари коррупция можароси пайтида Ермакни ҳимоя қилиб чиқмагани ва ҳатто унинг ишдан бўшатилиши тарафдори бўлгани айтилади. Якунда бу можаро шу пайтгача мамлакатдаги иккинчи нуфузли шахс бўлиб келган Ермакнинг ўзига ҳам қимматга тушганди.
Зеленский январ ойи бошидан бери ҳукумат ва кучишлатар тузилмаларда қатор кенг кўламли ўзгаришларни амалга оширишга киришди. 2 январ куни у Украина мудофаа вазирлигининг Бош разведка бошқармасини бошқарган Кирилл Будановни ўз офиси раҳбари этиб тайинлади. Унинг ўрнига Ташқи разведка хизмати раҳбари Олег Ивашенко Бош разведка бошқармасининг янги раҳбарига айланди.
Зеленский мудофаа вазири Денис Шмигални бош вазирнинг биринчи ўринбосари ва энергетика вазири лавозимига ўтказди. Рақамли ахборот вазири Михаил Федоров эса янги мудофаа вазири бўлиши кутилмоқда, у бунгача бош вазир ўринбосари сифатида пилотсиз тизимларни ривожлантиришга масъул эди.