Жаҳон | 11:20 / 07.01.2026
2800
2 дақиқада ўқилади

Мерц: Киев эркаклар Украинада бўлишини кафолатлаши керак

ГФР канцлери Украина президентини ёш украин эркаклари мамлакат чегаралари ичида ўз юртига хизмат қилиши, Германия ва бошқа давлатларга чиқиб кетмаслиги учун чора кўришга чақирди.

Фото: Kay Nietfeld/dpa/picture alliance

Украина президенти Володимир Зеленский ёш украин эркаклари Украина ҳудудида ўз юртига хизмат қилишини кафолатлаши керак, шунда улар “Германия, Полша ёки Францияга чиқиб кетмайди”. Бундай баёнотни ГФР канцлери Фридрих Мерц сешанба, 6 январ куни Парижда “кўнгиллилар коалицияси” учрашувидан кейин ўтказилган матбуот анжуманида қилди.

Шу куни Бавария бош вазири ва ГФР ҳукмрон коалициясига кирувчи Христиан-социал иттифоқ (ХСИ) раҳбари Маркус Зёдер Украина хавфсизлигини таъминлашда устувор аҳамият Украина ҳарбий хизматчиларини ишга солишда бўлиши керак, деган фикрни билдирди.

Унинг фикрича, худди шу мақсад учун Германиядан Украинага кетган қочқинларни ҳам ватанига қайтариш лозим. “Ёш немис эркаклари Украинага жўнаб кетишига тўғри келмасидан олдин, Германиядан ёш украин эркаклари ватанига қайтиши керак. Ёш украин эркаклари ўз юртига бориб, мамлакатини ҳимоя қилиши керак”, — деб таъкидлади Зёдер Зееон монастирида ХСИнинг ёпиқ йиғилиши чоғида.

Шу билан бирга, ХСИ раҳбари умуман олганда Германия Украинада ўт очишни тўхтатиш (оташкесим) режимига риоя этилишини назорат қилишда иштирок этишга тайёрлигини айтди. “Аммо буни (ушбу режимга риоя этилишини — таҳр.) аскарлар таъминлай оладими-йўқми, буни ҳали кўриш керак”, — деди у.

Париждаги “кўнгиллилар коалицияси” учрашуви якунлари бўйича ГФР канцлери Фридрих Мерц айтишича, у немис ҳарбий хизматчиларининг Украинада тинчликни сақлаш ишларида иштирок этиш эҳтимолини истисно қилмайди, бироқ улар хизматни Украина ҳудудида эмас, бошқа жойда ўташи керак. Унинг сўзларига кўра, эҳтимолий ечим — немис тинчликпарварларини Украина билан чегарадош НАТО давлатларидан бирида жойлаштириш бўлиши мумкин.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид