Ўзбекистон | 22:41 / 07.01.2026
25725
3 дақиқада ўқилади

«Метан заправкалар» фаолиятига 8 январдан яна чекловлар жорий қилинди

Энергетика вазирлиги Автомобилларга метан газ тўлдириш компрессор шохобчалари («метан заправкалар») яна соат 10:00 дан 16:00 га қадар фаолият юрита бошлашини маълум қилди.

Фото: Kun.uz

8 январдан бошлаб Автомобилларга метан газ тўлдириш компрессор шохобчалари («метан заправкалар») соат 10:00 дан 16:00 га қадар фаолият юрита бошлайди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар берди.

«Магистрал газ қувурларида босим пасайиши кузатилаётганлиги сабабли бир қатор зарур чоралар кўрилмоқда. Хусусан, биринчи навбатда аҳоли хонадонлари ва ижтимоий соҳа объектларини табиий газ билан барқарор таъминлаш бош вазифаларимиздан бири ҳисобланади. Шу боис, аҳоли хонадонлари ва ижтимоий соҳа объектларини табиий газ барқарор таъминлаш мақсадида маҳаллий ҳокимликлар билан келишилган режа-графикларга асосан «метан заправкалар» фаолиятига вақтинча чеклов киритилмоқда», дейилади хабарда.

Қайд қилинишича, Фарғона водийсида «метан заправка»ларнинг иш вақти ҳокимликлар билан келишилган ҳолда, «газ босимидан келиб чиқиб амалга оширилади».

«Бунинг асосий сабаби — газ босими пасайган вақтларда вазирлик ва ҳокимликлар томонидан биринчи навбатда аҳоли, жамоат транспортлари ҳамда ижтимоий соҳа объектларини табиий газ (ёқилғи) билан узлуксиз таъминлаш. Яъни, жамоат транспортининг барқарор ишлаши, ижтимоий аҳамиятга эга объектлар ҳамда аҳоли эҳтиёжларини қондириш устувор вазифа ҳисобланади. Шу боис, газ таъминотидаги умумий ҳолат, босим даражаси ва истеъмол ҳажмидан келиб чиққан ҳолда «метан заправкалар»нинг иш режими маҳаллий ҳокимликлар билан келишилади. Бу чора газ ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва барқарор таъминотни таъминлаш мақсадида амалга оширилади», дейилади хабарда.

Таъкидланишича, бу зарур чоралар вақтинча бўлиб, газ босимини меъёрга келтириш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда.

«Метан заправкалар» фаолиятига вақтинча чеклов 12 декабрдан бошлаб киритилган эди. Энергетика вазирлиги буни «қўшни давлатдаги газ тармоғида кузатилган техник носозлик туфайли импорт қилинаётган табиий газ қисқаргани» билан изоҳлади. Шундан сўнг, 30 декабрдан барча «метан заправка»лар 24 соатлик иш режимига қайтарилган эди.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид