Жаҳон | 16:04 / 09.01.2026
6814
5 дақиқада ўқилади

Эрон қийин аҳволда: Хоминаий режимининг қулаш вақти яқинми?

Декабр ойи охиридан бошланган норозилик намойишлари бутун давлат бўйлаб кенг тарқалмоқда. Полиция минглаб одамларни қўлга олган, ўнлаб одамлар ҳалок бўлгани тасдиқланди. Намойишчилар аллақачон икки шаҳарни эгаллаб олди, матбуотда “олий раҳнамо Москвага қочишга тайёр” деган гаплар тарқаган. Эрон 2022 йилдан бери илк бор бу қадар оммавий норозиликка дуч келмоқда. Хўш, вазиятдан АҚШ ва Исроил фойдаланиб қоладими ёки Теҳрон бу гал ҳам намойишларни бостиришни уддалайдими?

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Эрон 2022 йилги норозилик намойишларидан кейин энг катта оммавий чиқишлар билан юзлашмоқда. Йиғилганлар олий раҳнамо режимидан норози экани, иқтисодий таназзулдан чарчаганини айтади. Қатор нашрларга кўра, Илам вилоятидаги икки шаҳар аллақачон намойишчилар қўлига ўтган, бироқ Эрон расмийлари буни рад этади. Машҳад ва Теҳрондаги намойишларга ўнлаб олий ўқув юртлари талабалари ҳам қўшилган. 

Kun.uz билан суҳбатлашган Туркиянинг Анқара шаҳридаги Эронни ўрганиш ақл маркази эксперти Жавит Туркуўғлу фикрича, ҳозирги намойишлар кўлами 2022 ва 2009 йилгидан анча тор. Шунингдек, норозилик режимнинг қулаши билан якунланиш эҳтимоли паст. 

Эрон халқи ташқи аралашув билан ҳаракат қиладиган халқ эмас. Намойишлар кенг, лекин бундан олдинги чиқишлар даражасида эмас. Бундан ташқари, бугунги бўлаётган намойишлар асосий катта шаҳарлар маркази эмас, чет-чет туманларда авж олган”, дейди у. 

Шунингдек, экспертнинг қўшимча қилишича, Эронда олий раҳнамо режимининг қулаши ичкаридаги норозилик билан эмас, ташқи аралашувга кўпроқ боғлиқ. 

Эрон масаласи АҚШ учун айни дам иккиламчи даражада деб кўраман. Чунки АҚШ Венесуэла бўйича тўлиқ ишини якунлагани йўқ, бундан ташқари Гренландия масаласи бор”, дейди Жавит Туркуўғлу. 

Эрондаги Ўзбекистон элчихонасида ишлаган дипломат, сиёсатшунос Шоислом Акмалов фикрича, намойишларнинг айнан декабр охиридан авж олгани, қочган шоҳнинг ўғли Америкадан қайта-қайта мурожаат йўллаётгани тасодиф эмас. Лекин ҳозирги норозилик сабаб Хоминаий ҳокимиятига якун ясалиши ҳақида гапиришга бироз эрта. 

Биздан унча узоқда жойлашмаган Эронда нималар бўлаётганини кузатиб бориш жуда муҳим. 2022 йилда курд қизи Аминийнинг ахлоқ полицияси калтагидан вафоти ортидан юз берган кўча намойишлари ёки 2009 йилги президент сайловидан норози бўлиб, Мир-Ҳусайн Мусавийни қўллаш учун кўчага чиққанлар билан солиштирилса, ҳозирги намойишлар у қадар катта эмас. Лекин марказий давлатлар, яъни АҚШ ва Исроилнинг бу масалага аралашишини ҳам инобатга олиш керак. Нима бўлса-да, Али Хоминаийнинг режими қулашини гапиришга ҳали эрта”, дейди сиёсатшунос. 

Сиёсатшунос таҳлилчи Камолиддин Раббимов фикрича, Эронни йиқитиш АҚШ эмас, балки Исроил учун бирламчи даражали вазифа. Дунё Венесуэлада ўтказилган операцияни кўриб, кузатиб турибди, ҳаттоки НАТОдаги иттифоқчилар ҳам буни қўллаб-қувватламади. Шундай шароитда АҚШнинг олий раҳнамо режими бўйича ҳаракатлари ва ундан кейинги бўладиган ишлар оддий эронликларни ташвишлантиради, дейди таҳлилчи. 

Исроил давлати ташкил топибдики, асосий мақсади Эрондаги режимни қулатиш. АҚШ Ироққа киргач, Исроил энди Эронга ҳам киринглар деб гиж-гижлаб келади. Венесуэлани кўрдик, агар президент Обама бўлганида мана, Эронда халқ норози ва биз демократия тарафдоримиз, деганида балки ишонишарди. Лекин АҚШнинг ҳозирги қилаётган ишлари эронликларни ташвишлантиради”, дейди Раббимов. 

1979 йилги инқилоб сабаб ағдарилган Муҳаммад Ризо Шоҳ Паҳлавийнинг ўғли кунлардирки Америка ОАВлари орқали форс тилида одамларни намойишга чорламоқда. Раббимовнинг қўшимча қилишича, унинг Эрондаги шиалар ва халқ ичида обрўси бирдек юқори эмас. 

Резо Паҳлавийнинг обрўси шиалар ва халқ ичида бир хил кристаллашган юқори эмас. Юқори инфляция сабаб мамлакат ичкарисида сиёсий ва ижтимоий норозилик борлиги, йилдан йилда норозилик анатомияси шакллангани бор гап. Лекин айнан ҳозир ва бу намойишлар Хоминаий режимини қулатиш эҳтимоли жуда паст деб биламан”, дейди сиёсатшунос. 

ОАВ, хусусан, Британия разведкасига таянган ҳолда The Times нашрининг ёзишича, олий диний раҳнамо аллақачон энг яқин одамлари ва оиласи билан Москвага қочишни режалаган. Бироқ таҳлилчи Жавит Туркуўғли фикрича, қочиб кетиш ҳозирги режим идеологиясига тўғри келмайди. 

86 ёшли Хоминаий умрининг охирида қайсидир давлатга қочиб кетиши ёки бошқа бир мамлакатга сиғиниши уларнинг идеологиясига мос келмайди. Улар исломий нигоҳ билан бу йўлда ўлимдан қўрқмайди, қурбон бўлса, шаҳид дея тушунади”, дейди Анқарадаги институт таҳлилчиси. 

Суҳбатни Kun.uzʼнинг YouTubeʼдаги саҳифаси орқали тўлиқ томоша қилишингиз мумкин бўлади. 

Шоҳрух Мажидзода суҳбатлашди.

Мавзуга оид