Жаҳон | 09:03 / 09.01.2026
4072
3 дақиқада ўқилади

Эронда 12 кунлик намойишлар: камида 45 киши ҳалок бўлди, интернет деярли ўчирилди

Эронда гиперинфляция фонида бошланган намойишлар 12 кундан бери давом этмоқда. Намойишчилар Теҳрон ва бошқа йирик шаҳарлар кўчаларига чиқмоқда. Камида 45 нафар намойишчи ҳалок бўлган, улар орасида саккиз нафар вояга етмаган ҳам бор.

Фото: Kamran/Middle East Images/picture alliance

Эронда риал курси кескин қулагани ва инфляция кескин кучайгани ортидан бошланган кўча намойишлари кетма-кет 12-кун давом этмоқда. Пайшанба куни, 8 январда намойишчилар Теҳрондаги асосий магистрал йўллардан бири — Оятуллоҳ Кошони булварини тўсиб қўйди. Ижтимоий тармоқларда пайдо бўлган кадрларда намойишчилар ва сигнал чалаётган автомобиллар кўринади.

Dpa агентлиги гувоҳлар сўзига таяниб хабар беришича, хавфсизлик кучлари ниқоб таққан намойишчиларга қарши кўздан ёш оқизувчи газ қўлламоқда. Фаоллар тарқатган видеоёзувларда Теҳронда ёнган полиция автомобиллари кўринади. Шунингдек, Машҳад, Керманшоҳ ва бошқа йирик шаҳарларда ҳам оммавий намойишлар бўлаётгани ҳақида хабар қилинмоқда.

Шу орада Эрон ҳукумати аҳоли учун интернетга киришни тўлиқ чеклади. Британиядаги NetBlocks ташкилоти баёнотига кўра, мамлакат “деярли тўлиқ умуммиллий интернет блэкаути” ҳолатида. Cloudflare IT-компанияси маълумотларига кўра, 8 январ куни Эронда интернет-трафик тахминан 90 фоизга камайган. Dpa’нинг қайд этишича, эҳтимол, интернетга эркин кириш имконияти фақат амалдорлар ва куч тузилмаларида сақланиб қолган.

АҚШ президенти Доналд Трамп Salem News Channel телеканалига берган интервюсида Теҳрон раҳбариятига нисбатан аввал айтган таҳдидларини такрорлади. “Мен уларга аниқ тушунтириб қўйдим: агар улар одамларни ўлдира бошласа, биз қаттиқ чора кўрамиз — улар буни кўпинча ўзларидаги бетартибликлар пайтида қилади, уларда эса бетартибликлар кўп”, — деди Оқ уй раҳбари ва эронликларни эса “жасур одамлар” деб атади. Трамп сўзларига кўра, унинг маъмурияти вазиятни диққат билан кузатмоқда.

Норвегиядаги Iran Human Rights (IHR) ташкилотининг сўнгги маълумотларига кўра, намойишлар бошланганидан бери камида 45 нафар намойишчи ўлдирилган, улар орасида саккиз нафар вояга етмаган ҳам бор. Эрон ҳукумати ва ОАВ эса аввалроқ 21 киши ҳалок бўлгани, улар орасида жумладан хавфсизлик кучлари ходимлари ҳам борлигини хабар қилган эди.

Оммавий кўча намойишлари Эронда 28 декабрдан бери давом этмоқда. Уларнинг бошланиши Теҳроннинг бош шаҳар бозорида кузатилган: кўплаб дўкон эгалари гиперинфляция ва нархларнинг кескин тебранишига қарши норозилик сифатида савдо нуқталарини ёпиб қўйган.

29 декабр куни риал — Эрон миллий валютаси янги рекорд даражада қулаган (бир риал тахминан 0,00002 еврога тенг бўлган). Октябрда эса Жаҳон банки маълумотларига кўра, Эронда озиқ-овқат инфляцияси 64,2 фоизни ташкил этган — бу кўрсаткич бўйича “антирейтинг”да мамлакатни фақат Жанубий Судан ортда қолдирган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид