Жаҳон | 08:41 / 09.01.2026
3161
3 дақиқада ўқилади

Россия: Украинадаги хорижий қўшинлар — “қонуний ҳарбий нишонлар”

РФ ТИВ вакили Мария Захарованинг айтишича, Украина ҳудудида хорижий қўшинлар ва ҳарбий объектларни жойлаштириш Россия томонидан ўз хавфсизлигига тўғридан тўғри таҳдид сифатида баҳоланади.

Фото: Vladimir Pesnya/SNA/IMAGO

Россия Украина ҳудудида хорижий ҳарбий бўлинмалар ва ҳарбий объектларни жойлаштиришни “хорижий интервенция, яъни унинг хавфсизлигига тўғридан тўғри таҳдид” сифатида баҳолайди, дея маълум қилди РФ ТИВнинг расмий вакили Мария Захарова. Унинг айтишича, “бундай бўлинмалар ва объектлар Россия армияси томонидан қонуний ҳарбий нишонлар сифатида кўрилади”. Захарова бу ҳақда 8 январ, пайшанба куни айтган.

Шу билан бирга, Захарова 6 январ куни Парижда “кўнгиллилар коалицияси”га кирувчи давлатлар Украинага хавфсизлик кафолатлари бўйича декларация имзолаганини, шунингдек уруш якунлангандан кейин Украинада француз ва британ қўшинлари ҳамда ҳарбий объектларни жойлаштириш ҳақидаги уч томонлама ҳужжат ҳам имзоланганини эслатган.

Киев, Париж ва Лондон Париждаги учрашувда ниятлар декларациясини имзолаган. Буюк Британия бош вазири Кир Стармернинг сўзларига кўра, бу ҳужжат ўт очиш тўхтатилгандан кейин Украинада британ, француз ва бошқа “ҳамкор” қўшинларни жойлаштириш учун “ҳуқуқий асос” яратади. Британия ҳукумати раҳбари яна шундай деган: ўт очиш тўхтатиш режими бошланиши билан Буюк Британия ва Франция Украина бўйлаб “ҳарбий марказлар” ташкил этади ва қурол ҳамда ҳарбий техникани сақлаш учун “ҳимояланган иншоотлар”ни барпо қилади.

The Times нашри маълумотига кўра, Буюк Британия ва Франция Россия билан тинчлик келишуви тузилгандан кейин хавфсизлик кафолатлари сифатида Украинага 15 минг нафаргача ҳарбий хизматчини юборишни режалаштирмоқда, Германия эса Украина яқинида кучларни жойлаштиришга тайёр. Нашр таъкидлашича, режалаштирилаётган контингент сони “кутилгандан анча кам”.

Украина президенти Володимир Зеленский Франция ва Буюк Британия билан бўлган келишувни “жуда аниқ” деб атаган. Унинг айтишича, Украина томонида аллақачон етарлича маълумот бор ва қайси давлатлар келишувда қатнашиши ҳамда ҳар бири қандай ҳисса қўшишини билиб бўлган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид