Жаҳон | 21:18 / 09.01.2026
7076
3 дақиқада ўқилади

Трамп Гренландиянинг ҳар бир фуқаросига АҚШга қўшилиши учун 100 минг долларгача тўламоқчи

Америка расмийлари орол аҳолисини Даниядан ажралиб чиқишга ва эҳтимол Қўшма Штатларга қўшилишга кўндириш учун уларга бир марталик нафақа тўлаш имкониятини муҳокама қилди.

Фото: AP

Доналд Трамп маъмурияти томонидан ишлаб чиқилаётган Гренландияни сотиб олиш режаси «гренландияликларни сотиб олиш» вариантига айланади. Америка расмийлари орол аҳолисини Даниядан ажралиб чиқишга ва эҳтимол Қўшма Штатларга қўшилишга кўндириш учун уларга бир марталик нафақа тўлаш имкониятини муҳокама қилди, деб ёзди Reuters вазиятдан хабардор тўрт кишига таяниб.

Тўловларнинг аниқ миқдори ва механизми ҳали аниқланмаган бўлса-да, расмийлар, жумладан, Оқ уй ходимлари ҳар бир киши учун 10 минг доллардан 100 минг долларгача бўлган миқдорни муҳокама қилди, деди агентликнинг икки манбаси.

Гренландия аҳолисига тўловлар ғояси 57 минг кишилик оролни «сотиб олиш» вариантларидан биридир. 5 январ куни давлат котиби Марко Рубио конгресс етакчиларига Трамп Гренландияни сотиб олиш ниятида экани, жанговар риторикадан эса Данияга босим ўтказиш ва уни музокараларга ундаш учун фойдаланаётганини айтди.

Оқ уйда Гренландияни қўшиб олишнинг бир нечта вариантлари муҳокама қилинмоқда. Оқ уй матбуот котиби Кэролин Левитт куч ишлатиш вариантини истисно қилмади.

«Президент ва унинг жамоаси ушбу муҳим ташқи сиёсий мақсадга эришишнинг бир қатор вариантларини муҳокама қилмоқда ва албатта, АҚШ Қуролли кучларидан фойдаланиш ҳар доим бош қўмондон ихтиёрида қолади», деди у.

Орол аҳолисига бевосита тўловлар варианти Трампнинг «битимларга» бўлган муҳаббатига қарамай, Данияга иқтисодий қарамлигини узоқ вақтдан бери муҳокама қилиб келаётган ва тўлиқ мустақилликка эришишни истаган Гренландия аҳолиси учун ҳаддан ташқари транзакцион ва ҳатто камситувчи бўлиб туюлиши мумкин, деб таъкидлайди Reuters. 2025 йилда ўтказилган сўровда гренландияликларнинг 56 фоизи мустақиллик учун овоз беришга тайёрлигини, 28 фоизи қарши овоз беришга тайёрлигини билдирган. Худди шу сўровда 85 фоизи Гренландиянинг АҚШ таркибига киришига қарши чиқди.

Reuters агентлигининг оролни сотиб олиш, жумладан, унинг аҳолисига бевосита тўловлар имконияти ҳақидаги мунозараларга изоҳ бериш сўровига жавобан Оқ уй Левитт ва Рубионинг баёнотларига ишора қилди.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид