Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
ЕИда Гренландия бўйича режа: Трампга қарши бир неча вариант муҳокама қилиняпти
Politico нашри ёзишича, Брюссел Доналд Трампга жавоб беришнинг бир нечта вариантларини тайёрламоқда — Европа Иттифоқи томонидан Гренландияни молиялаштиришни оширишдан тортиб, НАТО йўналиши бўйича АҚШ билан муросага келишгача.
Фото: Zhao Dingzhe/Xinhua/dpa/picture alliance
Европа Иттифоқи мансабдорлари ва дипломатлари АҚШ президенти Доналд Трамп маъмуриятининг Гренландия — Даниянинг автоном ҳудуди устидан назорат ўрнатишга қаратилган эҳтимолий уринишларига тўсқинлик қилиш имкониятларини муҳокама қилмоқда. Бу ҳақда 8 январ, пайшанба куни Politico нашри хабар берди. Нашр ЕИ экспертлари ва НАТО ичидаги манбалар билан суҳбатлашган. Уларнинг маълумотларига кўра, Брюссел бир вақтнинг ўзида бир неча сценарийни тайёрлаяпти.
Хусусан, Еврокомиссиянинг сентябрда тайёрланган лойиҳасига кўра, ЕИ узоқ муддатли бюджет режалари доирасида Гренландияга ажратиладиган харажатларни икки баравардан кўпроқ оширишни режалаштирмоқда. 2028 йилдан бошлаб етти йиллик давр учун ушбу мақсадларга 530 млн евро ажратиш бўйича музокаралар кетмоқда. Бу молиялаштириш Даниянинг автоном ҳудуд билан келишуви доирасида Гренландияга аллақачон йўналтираётган маблағларини тўлдиради.
Шунингдек, Гренландия Европа давлатлари билан боғлиқ бўлган олис ҳудудлар учун ЕИдан қўшимча 44 млн евро миқдорида молиялаштириш олишга ариза топшириши мумкин. Ҳозирги босқичда Даниядан келаётган маблағлар ижтимоий таъминот, соғлиқни сақлаш, таълим ва экологик ривожланишга сарфланмоқда. Янги режаларга мувофиқ, устувор йўналишлар кенгайтирилади, инвестицияларнинг бир қисми эса минерал ресурсларни қазиб олишга йўналтирилади.
Яна бир сценарий доирасида Европа Иттифоқи АҚШ томонидан савдода камситиш (дискриминация) бўлса, жавоб чораларини жорий этиши мумкин. 2025 йил июл ойида — Брюссел ва Вашингтон ўртасидаги келишувлардан кейин мазкур механизм кечиктирилган эди, аммо агар Трамп Гренландия борасида қатъий қадамлар ташласа, уни қайта ишга тушириш мумкин.
Бундан ташқари, масала НАТО линияси бўйича муросага келиб тақалиши ҳам мумкин. Икки дипломатнинг сўзларига кўра, алянс “Шарқий қўриқчи” (Eastern Sentry) ва “Болтиқ қўриқчиси” (Baltic Sentry)га ўхшаш тарзда “Арктик қўриқчи” (Arctic Sentry) дастурини ишга тушириши мумкин. Politico ёзишича, муросавий стратегия доирасида Шимолий Атлантика алянсининг Гренландия атрофидаги иштироки кенгайтирилади ва Трампнинг талаблари “имкон қадар максимал даражада” қондирилади.
НАТОдаги уч дипломатнинг айтишича, алянс Арктикада мудофаа харажатларини ошириш, минтақадаги ҳарбий машғулотлар сонини кўпайтириш ва Гренландия хавфсизлигини таъминлаш учун қўшин жойлаштириш имкониятларини ҳам кўриб чиқиши мумкин.
Шунингдек, Европа давлатлари, агар Дания шундай илтимос қилса, АҚШнинг эҳтимолий бостириб киришини тийиб туриш мақсадида Гренландияга Европа контингентини жойлаштириш имкониятини ҳам ўрганиши керак.
Шу орада Time журнали хабар беришича, республикачилар орасида АҚШнинг Венесуэладаги операциясидан кейин парчаланиш белгилари кўрина бошлаган: Республикачилар партиясининг айрим нуфузли аъзолари Гренландияни “эгаллаб олиш” таҳдидлари учун Трампни омма олдида танқид қилмоқда.
“Бу — ақл бовар қилмайдиган иш. Гренландия НАТО иттифоқчисидир. Дания — энг яхши дўстларимиздан бири. Шунинг учун улар билан бундай муносабатда бўлиш ҳақиқатан ҳам ҳақоратли ва бунда ҳеч қандай ижобий томон йўқ”, — деди CNN телеканалига Небраска штатидан конгрессмен Дон Бэкон.
Бундан олдин Politico экспертлар ва Вашингтондаги манбаларга таяниб, АҚШ 2026 йил охиригача Гренландия устидан назорат ўрнатиш ниятида эканини хабар қилган эди. Хусусан, Трамп маъмурияти оролда сиёсий мувозанатни жиддий ўзгартириш ва маҳаллий сиёсатчиларни “сотиб олиш” мақсадида “яширин таъсир кампанияси”ни ташкил этишга уриниши мумкин.
Оқ уй аллақачон расмий Копенҳагенни четлаб ўтиб, Доналд Трамп Гренландия ҳокимиятига имзолашни таклиф қиладиган “эркин ассоциация” тўғрисидаги битим лойиҳасини тайёрламоқда. Бундай шартнома асосида АҚШ қуролли кучлари орол ҳудудида тўлиқ эркин ҳаракат қилиш имкониятига эга бўлиши, эвазига эса божсиз савдо таклиф қилиниши мумкин. АҚШ шунга ўхшаш келишувларни аллақачон Микронезия Федератив Штатлари, Маршалл ороллари Республикаси ва Палау Республикаси — Тинч океанидаги кичик давлатлар билан тузган.
Дания ҳокимияти Гренландияга босим ўтказишни йўл қўйиб бўлмайдиган ҳолат, деб атаб, Арктика минтақаси бошқа давлатлар аралашувисиз “ўз келажагини ўзи белгилашни истайди”, дея таъкидламоқда.
Яқинда етти Европа давлатининг етакчилари оролни қўллаб-қувватлашини билдирган. “Гренландия унинг халқиники. Фақат Дания ва Гренландия Дания ва Гренландияга оид масалаларни ҳал қилиш ҳуқуқига эга”, — дейилади қўшма баёнотда. Уни Франция президенти Эммануэл Макрон, Германия канцлери Фридрих Мерц, шунингдек Италия бош вазири Жоржа Мелони, Полша бош вазири Доналд Туск, Испания бош вазири Педро Санчес, Буюк Британия бош вазири Кир Стармер ва Дания бош вазири Метте Фредериксен имзолаган.
Мавзуга оид
22:33 / 09.01.2026
Трамп Путинга сабр-тоқати тугаётгани ҳақида сигналлар юбормоқда – ОАВ
21:18 / 09.01.2026
Трамп Гренландиянинг ҳар бир фуқаросига АҚШга қўшилиши учун 100 минг долларгача тўламоқчи
18:35 / 09.01.2026
Трамп Мексикадаги наркокартелларга қарши эҳтимолий ҳарбий операцияни эълон қилди
16:03 / 09.01.2026